Проф.др. Юсуф ТЕКИН
Туркия Республикаси Миллий таълим вазири
ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясида Туркия Республикаси номидан иштирок этиш учун Туркистон заминининг маркази бўлган Ўзбекистонга ташриф этишдан бенихоя хурсанд бўлдик.
Туркистоннинг ҳар бир гўшаси бизнинг учун муҳим, аммо Самарқанд ва Бухорони бағрида жамлаган Ўзбекистоннинг ўрни жуда бошқача. Орамизда илдизлари теран дўстлик бор, чуқур қариндошлик ришталари мавжуд. Билге Хоқон томонидан Орхун ёдгорликларида “Сабим тукети эшитгил!” яъни “Сўзимни бошидан охиригача эшитгин!” деган сўзлар билан бошланган бу шодликда ва ғамда бирлик туйғуси, минг йиллик тарихга ва бошимиздан кечирган мусибатларга қарамай кундан-кунга кучайиб бормоқда. Туркларга хос бўлган бу виждон ва раҳм-шафқат идеали бугунги кунда дунёга ўрнак бўладиган қадриятларимизнинг ҳам рамзидир.
Ҳазрат Навоий,
“Одами эрсанг демагил одами,
Анинг ки ёқ халқ ғамидин ғами,”
деган мисраларида айнан шу идеални ифода этади. Ёки Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпоннинг бирлик ва ҳамжиҳатликка, Ватанга муҳаббатга урғу берган қуйидаги мисралари:
Бирлигимизнинг тебранмас тоги,
Умидимизнинг сўнмас чироғи,
Бирлаш, эй халқим, келгандир чоғи,
Безансин имди Туркистон боғи,
Уйғон халқим, битсин ортиқ бунча зулумлар,
мисралари ёки бу қариндошликка энг кўп эҳтиёж сезганимиз Озодлик урушини таърифлар экан ифодалаган бу мисралари бирлик ва бирдамлик идеалларимизга ҳамоҳангдир:
Эй Иноню, эй Сакарья, эй истиқлол ерлари,
Миллий Мисак олингунча тўхталмасин, илгари!
...
Билолмас ким “маданият” бешигига ўлтурғон,
Жаллодларнинг барча тама ва хирслари сизмларда...
Эй истиқлол, эй Сакарья, эй Иноню ерлари,
Юр, мазлумлар тофонининг ўч олғувчи селлари!
Туркия-Ўзбекистон қариндошлигини ёки менинг бу заминга бўлган муҳаббатимни таърифлаш учун шунга ўхшаш минглаб мисоллар келтиришим мумкин. Орамизда ана шу юқорида келтирилган шодликда ҳам, ғамда ҳам бирлик ва бирдамликнинг намунаси бўлмиш биродарлик ришталари бор.
Миллий таълим вазири сифатида бизнинг бурчимиз ҳам шу дўстликни мустаҳкамлаш ва келажак авлодларнинг бу қариндошлик атрофида янада кучлироқ жипслашишини таъминлашдан иборатдир. Сафаримиз давомида бу борада жуда муҳим қадамлар ташладик. Мактабгача ва мактаб таълими вазири муҳтарам Эзозхон Каримова билан дўстлигимизни мустаҳкамлаш йўлидаги ҳамкорлигимиз доирасида ўзбек қариндошларимиз учун Истанбулда очиладиган мактаб ҳамда Тошкентдаги Турк мактаби учун ажратиладиган ер майдони ҳақида жуда самарали суҳбатлар ўтказдик. Шу муносабат билан муҳтарам Вазирга ва барча Ўзбекистон мутасаддиларига ўз миннатдорлигимни билдираман.
Биз, Туркияда Президентимиз жаноб Ражаб Тоййиб Эрдўған раҳнамолигида келаси асрни таълимда Турк асрига айлантириш йўлидаги энг муҳим қадамларимиздан бири бўлган янгиланган ўқув дастуримиздаги турли ўзгаришлар ва азалий дўстлигимизни мустаҳкамлаш йўлида қилган ишларимиз ҳақида гапириб бердик. Айниқса, инновацион жисмоний ва технологик инфратузилма, ўқитувчи кадрлар етиштириш жараёнлари, касб-ҳунар ва техник таълим, рақамли технологиялар ва таълимдаги сунъий интеллект иловалари, дарсликлар бўйича ўзаро ҳамкорлик қилишимиз мумкин бўлган соҳаларнинг кўплиги ва бу ҳамкорликни тезроқ бошлашнинг қанчалик зарурлигини кўрдик.
Шу доирада Туркия давлати сифатида олиб бораётган сиёсатимизни таълим дипломатияси шаклига айлантириш учун амалга ошираётган ишларимизни музокара қилдик. Шу нуқтаи назардан, биз таълим дипломатиясини на фақат жисмоний ёки виртуал синфларда ўқитиладиган дарслар, балки халқларнинг умумий тақдирини белгилайдиган стратегик бир жараён, бир жамиятнинг муваффақият ҳикоясини бошқа жамиятларга етказиш усули сифатида кўрамиз. Таълим соҳасида ўрнатган ҳар бир халқаро ҳамкорлигимиз негизида ўз асосий қадриятларимизни келажак авлодларга етказиш мақсади ётади.
Бугунги кунда ташқи сиёсатда муҳокама қилинаётган кўплаб мавзулар — энергетика, хавфсизлик, мудофаа, миграция ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликнинг узоқ муддатли бўлиши учун таълим билан бир қаторда илгари сурилиши шарт. Агар қайси соҳада бўлмасин, таълимни даврага қўшмасангиз, тил топишиш осон бўлмайди, муштарак концептуал замин пайдо бўлмайди; ҳатто баъзан тезда ҳал қилиниши мумкин бўлган муаммолар халқаро муносабатларни секинлаштиради. Таълим дипломатияси доирасида ғарбдан шарққа, шимолдан жанубгача дунёнинг ҳар бир бурчагида олиб бораётган фаолиятимиз бизга сунъий интеллект ва янги технологияларни таълимга, дарс дастурларига интеграция қилиш, ўқитувчилар малакасини ошириш ва соҳада карьера имкониятлари, касб-ҳунар ва техник таълим ҳамда саноат билан ҳамкорлик қилиш, таълимнинг қамраб олиш имкониятларини ошириш учун масофавий етишув муҳитлари, қишлоқлар учун гибрид таълим ва бошқа рақамли ечимлар каби кенг кўламли муаммоларни муҳокама қилган дўст ва қариндош мамлакатлар билан қадриятларга асосланган таълим моделини яратишда ҳамкорлик қилиш учун янги имкониятларни беради.
Қариндош Ўзбекистон билан ривожлантираётган таълим соҳасидаги алоқаларимиз ҳам ана шу қарашлар мевасидир. Севги ва маданий ришталарга асосланган фаолиятимизда сезиларли ютуқларга эришмоқдамиз. Ҳозирда Ўзбекистонда 50 нафар ўқитувчи ва 9 нафар профессор-ўқитувчи фаолият олиб бормоқда. Тошкентда мактабгача таълимдан лицей даражасигача фаолият юритувчи икки турк мактабида жами 693 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Айни пайтда профессор-ўқитувчиларимиз турли даражадаги 14 таълим муассасасида ўзбек қариндошларимизга турк ва турк маданиятидан сабоқ бериб келмоқда. Қариндош мактабларимиз дастури доирасида мамлакатимиздаги бешта мактаб Ўзбекистондаги мактаблар билан тенглаштирилиб, икки давлат ўртасидаги яқин ришталарни сақлаш ва ривожлантиришга хизмат қиладиган фаолиятларни биргаликда олиб бормоқдалар.
2025 йил 1 ноябрда Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазири муҳтарам Эзозхон Каримова билан имзоланган Битим туфайли икки дўст давлат ўртасида таълим дипломатияси соҳасидаги алоқаларимиз янги босқичга кўтарилди. Ушбу Битим доирасида Тошкентдаги турк мактаблари учун Тошкент шаҳрида мактаб биноси қуриш учун ер ажратилди; худди шу тарзда Ўзбекистон фуқаролари энг кўп яшайдиган Истанбул шаҳрининг Бакиркўй туманида ўзбек мактаби ташкил этиш бўйича ўзаро келишиб олинди. Бу ўзгаришлар икки давлатнинг таълим соҳасидаги ҳамкорлигининг давомийлик ифодасидир. Асосий жиҳати шундаки, бу ҳамкорлик муштарак идеалга асосланганидир: қадимги цивилизация фарзандлари сифатида бизнинг тарихимиз муштаракдир; бизнинг келажагимиз ҳам умумий бўлиши керак. Истанбулдаги мактаб ҳам, Тошкентдаги мактаб ҳам биродарлик муҳитимизни бутунлай янги босқичга олиб чиқиб, катта ютуқларга эришади.
Бу ташрифим мен учун дўстлик жараёнини янада ривожлантиришга қаратилган қадамлар жиҳатидан ҳам, менга берган ажойиб ҳиссиётлар жиҳатидан ҳам бебаҳо бўлди. Аввало, ҳар бир ташрифимда янада ривожланган ва янада кучли бўлган Ўзбекистонни кўришдан жуда мамнун эканлигимни билдирмоқчиман. Шунингдек, бу Ўзбекистонни ҳар жиҳатдан катта марраларга етказган ҳурматли Президент Шавкат Мирзиёев жанобларига чин юракдан миннатдорлигимни изҳор этишни бурчим деб биламан.
Сўзимнинг сўнггида, бу ташрифимиз давомида бизга кўрсатилган ва қариндошлик руҳига ярашадиган меҳмондўстлик ҳамда илиқ муносабат учун ташаккуримни айтмоқчиман. Хусусан, дилкаш инсон ва самимий дўст сифатида таниганим Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори жаноб Шерзодхон Қудратхўжага ҳам катта раҳмат айтаман. Туркистон заминининг юрагида ўтказган икки мазмунли кун учун ҳамда турк-ўзбек дўстлиги йўлида чин кўнгилдан фидойилик билан меҳнат қилаётган барчага ўз миннатдорлигимни изҳор этаман.