Бугун 15 март, 2026 йил, якшанба

O'ZB

Тўқаев референдумдан кўзланган мақсадни очиқлади

Тўқаев референдумдан кўзланган мақсадни очиқлади

Бугун, 15 март Қозоғистонда янги Конституция лойиҳаси бўйича умумхалқ референдуми бўлиб ўтди.

Оқўрда матбуот хизмати хабари беришича, мамлакат президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Остона шаҳридаги Ўқувчилар саройида жойлашган 51-сонли референдум участкасида овоз берди.

«Бугун мамлакатимиз тақдирини ҳал қиладиган кун. Барчани табриклаймиз! Аслида, бу – тарихий ҳужжат. У фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлайди. Шунинг учун унинг аҳамияти жуда юқори. Янги Конституция мамлакатимизнинг ҳудудий яхлитлиги, мустақиллиги ва суверенитетини ҳимоя қилади. 1995 йилда қабул қилинган Конституция алоҳида роль ўйнади. Мамлакатимиз ушбу ҳужжат билан 35 йил давомида яшаб келаётир. Аммо вақт бир жойда тўхтаб турмайди. Бинобарин, янги Конституцияни қабул қилиш вақти келди. Мен ҳам уни тайёрлашда фаол иштирок этдим. Конституциянинг преамбуласи ва бошқа нормалари қандай шаклда бўлишини таклиф қилдим. Ишонаманки, янги Конституция мамлакат фаровонлиги ва келажагига хизмат қилади», – деди Қ.Тўқаев.

Қозоғистон раҳбари журналистлар саволларига жавоб бераркан, президентлик сайлови 2029 йилда амалдаги Конституцияга мувофиқ ўз вақтида ўтказилишини қайд этди.

Умумхалқ референдуми Қозоғистон президентининг жорий йил 11 февралдаги фармонига кўра ўтказилмоқда.

Фуқаролардан «ОАВда 2026 йил 12 февраль куни эълон қилинган янги Конституция лойиҳасини қабул қилаcизми?» деган мазмундаги саволга муносабат билдириш сўралган.

Янги Асосий қонунга мувофиқ, Қозоғистонда икки палатали парламент ўрнига 145 депутатдан иборат бир палатали Қурултой ташкил этилади.

Аввал хабар берганимиздек, Қ.Тўқаев жорий йил 20 январь куни Миллий қурултойнинг V мажлисида бир қатор ўзгаришлар, жумладан, давлат бошқаруви тизимида янги лавозим – вице-президент институтини жорий этишни таклиф қилган эди.

Олдинроқ Қозоғистоннинг юртимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Бейбут Атамқулов конституциявий ислоҳотларнинг асосий йўналишлари ҳақида маълумот берганди.

Киритилди: Бугун 21:00. Ўқилди: 447 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!