Сенатнинг учинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини яна-да кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.
Мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини “Инсон шаъни ва қадр-қиммати учун” принсипи асосида янги босқичга кўтариш, суд органлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш, аҳолининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Ислоҳотлар натижасида суд-тергов амалиётида инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлашга қаратилган самарали механизмлар ишлаб чиқилди.
Сенатор томонидан муҳокама қилинган Қонун ҳам мазкур ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиб, унда жиноят содир этганликда айбланаётган шахснинг эркинлик ва шахсий дахлсизликка оид конституциявий ҳуқуқларини суд томонидан ишончли таъминлаш мақсадида жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида тергов судяси лавозимини жорий этиш назарда тутилмоқда.
Шу билан бирга, тергов судялари томонидан жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритиш босқичида процессуал қарорларга санкция бериш ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш масалаларини қонунчиликда белгилаш мақсадида ушбу Қонун билан тергов судяларининг ваколатлари жумласига киритилган ишларни кўриб чиқиш асослари ҳамда тартибини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини яна-да кучайтиришга хизмат қилади.
Муҳокама якунида Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.