Financial Times газетаси эълон қилган келишув нусхасига кўра, Американинг "Украинага кўрсатган сезиларли молиявий ва моддий ёрдами" эвазига, мамлакат ўз табиий ресурсларининг бир қисмини икки давлат томонидан биргаликда эгалик қилинадиган ва бошқариладиган "Қайта тиклаш инвестиция жамғармаси"га ажратади.
Келишув матнида Украина томонидан жамғармага қанча маблағ киритилиши аниқ кўрсатилмаган бўлса-да, унда Киев "Украина ҳукуматига тегишли бўлган барча тегишли табиий ресурс активларини келажакда пулга айлантиришдан олинган жами даромаднинг 50 фоизини" ажратиши белгиланган. Бу активлар "фойдали қазилмалар, углеводородлар, нефть, табиий газ ва бошқа қазиб олинадиган материаллар конлари ҳамда табиий ресурс активларига алоқадор бошқа инфратузилма (масалан, суюлтирилган табиий газ терминаллари ва порт инфратузилмаси)" сифатида таърифланган.
Вашингтон мамлакат ҳудудидаги 500 миллиард долларлик камёб ер ости бойликларига эгалик қилиш талабидан воз кечди. Бу талаб келишув матнида акс эттирилмаган ва Зеленский аввалроқ уни қабул қилмаслигини айтган эди.
Сешанба куни Трамп АҚШга ўз ресурсларига қисман эгалик ҳуқуқини бериш эвазига Украина нима олиши ҳақидаги саволга: "350 миллиард доллар, кўплаб техника, ҳарбий қурол-аслаҳа ва жанг қилиш ҳуқуқи," деб жавоб берди. У мамлакат ҳозиргача АҚШдан олган маблағ миқдорини такрорлади. Бироқ, 350 миллиард долларлик кўрсаткич Россия босқини бошланганидан бери Украинага кўрсатилаётган ёрдамни кузатиб келаётган Кил институти томонидан тақдим этилган маълумотларга зид келади. Ушбу тадқиқот маркази АҚШнинг ёрдамини тахминан 114,2 миллиард евро (119 миллиард доллар) деб баҳолайди.
АҚШ Мудофаа вазирлигининг юқорироқ баҳоси 182,8 миллиард долларни ташкил этади. Бу рақам ўқитиш ва бошқа билвосита қўллаб-қувватлаш шаклларини таъминлаш харажатларини ҳам ўз ичига олади.