АҚШ президенти Доналд Трамп сиёсатидан норози бўлган амалдорлар янги маъмуриятнинг фармойиш ва қарорларини эътиборсиз қолдириб, уларга қаршилик кўрсатишга аҳд қилишган. Бу ҳақда Newsweek журнали АҚШнинг бир нечта федерал идоралари ходимларига асосланиб хабар берди.
Нашр маълумотларига кўра, кўплаб давлат хизматчилари ҳозирда қўрқув ичида яшамоқда, бироқ Оқ уйнинг улар ноқонуний деб ҳисоблаган ҳар қандай кўрсатмаларини бажармасликка қарор қилишган. Журнал суҳбатдошлари ўз идораларидаги умумий вазиятни "руҳий тушкунлик ва тартибсизлик ҳукмрон" деб таърифлашмоқда.
Амалдорларнинг ташвиши, бир томондан, вазирликлардаги оммавий ишдан бўшатишлар билан боғлиқ бўлса, бошқа томондан, уларнинг фикрича, янги маъмуриятнинг қонунчиликка зид бўлган ташаббуслари, айниқса, турли озчиликлар учун давлат томонидан кўрсатиладиган ёрдамни бекор қилиш билан алоқадордир.
"Ваҳима ва паранойя даражаси ҳаддан ташқари юқори. Масалан, ҳамкасбларимнинг кўпчилиги ҳафта давомида [идоралар] сайтларини DEI (хилма-хиллик, тенглик ва инклюзивлик) дастурлари ҳақидаги ҳар қандай маълумотни излаб титкилаб чиқишди," - деб таъкидлади АҚШ Ички ишлар вазирлигининг амалдорларидан бири.
Newsweek нашрининг қайд этишича, ўз лавозимларида қолган ҳолда Трамп кўрсатмаларини саботаж қилишга интилаётган амалдорлар сонини аниқлаш имконсиз. Уларнинг маълумотларига кўра, кўплаб давлат хизматчилари Reddit интернет платформасида янги маъмурият ҳаракатларига "қаршилик" стратегияларини муҳокама қилмоқда. Нашр шуни таъкидлайдики, норози амалдорлар аллақачон ўзларининг бирлаштирувчи рамзий белгисини ўйлаб топишган: юлдузли степлер тасвири ва Трампга қаратилган "Кел ва ол" ёзуви, шунингдек, "Сафни сақла. Истеъфога чиқма" шиори.