АҚШ сенатори Марк Келли президент Доналд Трампни Эрон билан музокараларни тажрибали дипломатлар қўлига топширишга чақирди. У Трампга куёви Жаред Кушнер ва махсус вакил Стив Уиткоффни музокаралардан четлатишни тавсия қилди.
"Мен унга шу пайтгача қилган ишини такрорламасликни, яъни музокараларни кўчмас мулк соҳасидаги дўсти ва куёвига топширмасликни маслаҳат берган бўлардим", — деди Келли.
Сенаторнинг фикрича, Трамп музокараларга Эрон билан ишлаш тажрибасига эга мутахассисларни жалб этишиши, шунингдек, иттифоқчиларни яна бирлаштириб, халқаро коалицияни тиклаши керак. Келли Трамп маъмуриятининг Эронга нисбатан сиёсатини бир неча ойдан бери танқид қилиб келмоқда. Хусусан, у Эроннинг ядровий дастурини йўқ қилиш учун ҳарбий куч ишлатиш зарурлигини шубҳа остига қўйган.
"Ҳозир, ядро дастури масаласи бутунлай иккинчи даражага тушиб қолган бир пайтда, Трамп маъмурияти аввалги ҳолатга қайтиш йўлини излашга эътибор қаратмоқда", — деди демократ сиёсатчи.
Трамп маъмурияти бир неча ойдан бери Эронни Ҳўрмуз бўғозини қайта очишга, халқаро кемалар учун хавфсиз ва эркин ҳаракатланишни таъминлашга кўндиришга уринмоқда. Аммо бу борадаги уринишлар ҳозирча натижа бермаган.