Путин Трампнинг украиналик ҳарбийларни авф этиш илтимосига жавоб берди.
Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин АҚШ Президенти Доналд Трампнинг Курск вилоятидаги Украина Қуролли Кучлари гуруҳини "тўлиқ авф этиш" ҳақидаги илтимосига жавоб қайтарди. Россия раҳбари, агар Украина қўшинлари қуролларини топширса, уларга ҳаёт кафолати ва муносиб муомала таъминланишини билдирди.
"Биз АҚШ Президенти жаноб Трампнинг бугунги мурожаатини кўриб чиқдик. Унда у Курск вилоятига кириб келган ва Россия қўшинлари томонидан қуршаб олинган Украина армияси ҳарбийларининг ҳаётини сақлаб қолишни сўраган," деди Президент.
"Шу муносабат билан, Украина ҳарбийлари бостириб кирган ҳудудда тинч аҳолига қарши кўплаб жиноятлар содир этганини таъкидлаб ўтамиз. Бу ҳаракатлар, аввал айтганимдек, Бош прокуратура томонидан терроризм сифатида баҳоланмоқда," дея эслатиб ўтди у.
Шу билан бирга, Путин "Президент Трампнинг ушбу ҳарбий хизматчиларга нисбатан инсонпарварлик нуқтаи назаридан ёндашиш чақириғини тушуниш билан қабул қилаётганини" таъкидлади. "Шу муносабат билан таъкидлаб ўтмоқчиманки, қуролларини топшириб, асирга тушган тақдирда, уларнинг ҳаёти ва муносиб муомала кафолатланади," дея қўшимча қилди у.
"АҚШ президентининг чақириғини самарали амалга ошириш учун Украина ҳарбий-сиёсий раҳбарияти ўз ҳарбий бўлинмаларига қуролларни ташлаб, асирга тушиш тўғрисида тегишли буйруқ бериши зарур," дея якунлади у.