Олдин хабар қилинганидек, АҚШ президенти Доналд Трамп 14 март, жума куни Truth ижтимоий тармоғидаги расмий ҳисобида кеча (13 март) "Россия президенти Владимир Путин билан жуда яхши ва самарали музокаралар" ўтказганини маълум қилди. Трампнинг таъкидлашича, у гўёки "минглаб украиналик аскарлар... жуда оғир ва ночор аҳволда" тўлиқ қуршовга тушиб қолган, деб "президент Путиндан уларнинг ҳаётини сақлаб қолишни қатъий илтимос қилган".
Украиналик ҳарбий эксперт Ян Матвеэвнинг тахминича, "қуршов" ҳақида, эҳтимол Курск йўналишида, Доналд Трампга россияликлар "ёлғон маълумот берган" ва у бунга ишонган. "Путин Трампга минглаб украиналик аскарлар Курск вилоятида ТЎЛИҚ ҚУРШОВДА эканлигини айтиб алдади. Трамп эса ишониб, уларга шафқат қилишни сўради. Балки ўз разведкаси ва ҳарбий мутахассисларига ишониш керакдир, ... (Путинга) эмас?" - деб ёзди эксперт. Унинг сўзларини "Диалог" нашри келтирди.
«Быть Или» Телеграм-канали ёзишича, "энди Трамп Украинага кўрсатган хизматини рўкач қилади: Путиндан минглаб аскарларнинг ҳаётини сақлаб қолишни сўраган эмиш. Улар қаерда қуршовда қолгани мутлақо ноаниқ, чунки ҳатто жуда тахминий ҳисобласак ҳам, кулранг ҳудуднинг энг чекка нуқталари бўйича, қуршовгача камида 9 км масофа бор. Аслида эса ундан ҳам кўпроқ, чунки Россия Қуролли Кучлари ҳамма жойда мустаҳкамланиб олгани йўқ."
Фронтдаги вазиятни кузатиб борувчи DeepState OSINT лойиҳаси ҳам Курск плацдармида ҳеч қандай қуршов ҳолати йўқлигини таъкидламоқда.
Қуролли Кучлар Бош штаби Россия армияси Курск вилоятида Украина ҳарбийларини қуршаб олгани ҳақидаги маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди. Идоранинг таъкидлашича, бу маълумотлар россияликлар томонидан "сиёсий мақсадлар ва Украина ҳамда ҳамкорларга босим ўтказиш" учун тарқатилмоқда. Шунингдек, Бош штаб вазият бир сутка ичида сезиларли даражада ўзгармаганини қайд этди: "Курск қўшинлари гуруҳининг операцион ҳудудида жанговар ҳаракатлар давом этмоқда."