АҚШ президенти Доналд Трамп янги президент самолёти учун муқобил вариантларни кўриб чиқмоқда, бош пудратчи Boeing эса самолётларни етказиб беришни кечиктирмоқда, деб ёзди The Wall Street Journal (WSJ) манбаларга таяниб.
Трамп биринчи президентлик даврида эскирган Boeing 747 Air Force One ўрнига иккита янги самолётни буюрган эди. Буюртма бўйича Boeing компанияси 3,9 миллиард долларлик шартномани ютиб олди.
Самолётлар 2024 йилгача тайёр бўлиши керак эди, бироқ етказиб бериш муддати биринчи самолёт учун 2027 йилга, иккинчиси учун эса 2028 йилгача сурилди. Бу Трамп президентлик муддатининг охирги йили ҳисобланади.
Boeing компаниясидан ҳафсаласи пир бўлган Трамп L3Harris компаниясига Қатар ҳукумати томонидан фойдаланилган Boeing 747 самолётини таъмирлашни топширди, деб хабар берди WSJ. Шу билан бирга, Boeing иккита янги самолётни ишлаб чиқаришда давом этади. Бироқ, компания мураккаб дизайн муаммолари туфайли янги президент самолётларини 2035 йилгача етказиб бера олмайди, дея хабар берди газета манбалари.