New York Times нашри ёзишича, бу «дипломатик мўъжиза» ортида АҚШ президенти Дональд Трампнинг ташаббуси билан имзоланган тарихий келишув турибди.
Бу келишувнинг асосий меъмори Жаред Кушнер — Трампнинг куёви ва 2020 йилдаги «Иброҳим келишувлари» муаллифи ҳисобланади. Унга кўра, бир қатор араб давлатлари Исроил билан дипломатик алоқаларни тиклаган эди.
Катардаги ХАМАС раҳбариятига қарши режалаштирилган Исроил ҳужуми барбод бўлгач, Кушнер Қатар амирини террорчилардан узоқлашишга кўндирди — бунинг эвазига амир хавфсизлик кафолатларини олди. Қатардан сўнг Туркия, Покистон ва Индонезия ҳам ушбу позицияга қўшилди.
Кушнер бизнесмен ва махсус вакил Стив Уиткофф билан бирга музокаралар учун «командирлик маркази» ташкил қилди — телефонлар бир неча кунлаб тинмади, музокараларда Трамп, Исроил вазирлари ва минтақадаги воситачилар иштирок этди. New York Times маълумотларига кўра, музокаралар махфий ва юқори даражада ҳимояланган алоқа орқали олиб борилган.
Кушнер нашрга шундай деди:
«Менимча, биз мураккаб шахслар билан мураккаб келишувлар тузишга одатланганмиз. Энг муҳими — одамларнинг табиати ва ўйинларини тушуниш, шу орқали вазиятни олға суриш имконияти пайдо бўлади».