Эрон ўз ядровий объектларига халқаро инспекторларни киритишдан бош тортди ва уранни бойитиш ишларини давом эттирмоқда. Бу ҳақда АҚШ президенти Дональд Трамп Air Force One бортида журналистлар билан суҳбатда маълум қилди, деб хабар беради CNN.
Унинг сўзларига кўра, аввалроқ Эроннинг ядровий фаолияти тўхтатилган эди, аммо ҳозирда давлат дастурни бошқа ҳудудда қайтадан йўлга қўйиши мумкинлиги ҳақида хавотирлар бор.
«Агар Эрон ядровий қурол ишлаб чиқаришни бошласа, бу жуда жиддий муаммога айланади. Биз бунга йўл қўймаймиз», — деди Трамп.
Трамп, шунингдек, бу вазиятни келаси ҳафта Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху билан муҳокама қилишини маълум қилди. Уларнинг учрашуви яқин кунларда бўлиб ўтади.
Аввалроқ Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ) инспекторлари Эронни тарк этганди. Ташкилотнинг хабар беришича, бу қарор Теҳроннинг ҳамкорликни тўхтатиши натижасида қабул қилинган. Инспекторларнинг бир қисми Арманистон орқали қитъа йўли билан чиқиб кетиб, Венага йўл олган.
МАГАТЭ бош директори Рафаэль Гросси таъкидлашича, Эрон ядровий дастурини мониторинг қилиш ва текшириш ишларини қайта тиклаш жуда муҳим ҳисобланади.
Эрон расмийлари ядровий дастур фақат тинч мақсадларда эканини бир неча бор билдиришган. Аммо АҚШ Эронни ўз фаолиятининг бир қисмини яшириш ва МАГАТЭ олдидаги мажбуриятларини бузишда айблаб келмоқда.