Amnesty International инсон ҳуқуқлари соҳасида кучайиб бораётган глобал инқироз ҳақида огоҳлантирди, бунга сабаб сифатида “Трамп эффекти” келтирилмоқда, BBС
Ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилот ўзининг “Дунё бўйлаб инсон ҳуқуқлари ҳолати” йиллик ҳисоботида АҚШ маъмуриятининг ҳаракатлари аллақачон мавжуд бўлган зарарли тенденцияларни кучайтираётгани, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро механизмларни заифлаштираётгани ва сайёрадаги миллиардлаб одамлар ҳаётини хавф остига қўяётганини қайд этди.
"Трамп иккинчи президентлик муддати бошланганидан буён 100 кун ичида инсон ҳуқуқларининг умумбашарий қадриятларига нисбатан тўлиқ беписандлигини кўрсатди. Унинг ҳукумати Қўшма Штатларнинг ва халқаро даражадаги хавфсизлик ҳамда адолатга хизмат қилувчи муҳим институт ва ташаббусларни тезкор ва атайлаб нишонга олди. Унинг хилма-хиллик, бошпана, ирқий ва гендер тенглиги, глобал соғлиқни сақлаш ва иқлим бўйича зарурий чораларга қарши оммавий ҳужуми бу принциплар ва институтларга илгари етказилган зарарларни янада чуқурлаштирмоқда", — деди ташкилот бош котиби Анес Калламар.
Amnesty International'га кўра, инсон ҳуқуқларига босим аввал ҳам мавжуд бўлган, аммо Доналд Трамп бу зарарли тенденцияларнинг “супертезлаткичига” айланган.
Ҳисоботда айтилишича, 2024 йилда Яқин Шарқ, Судан, Украина ва Афғонистондаги можаролар миллионлаб инсонларнинг ҳаётини издан чиқарган. Шу билан бирга, АҚШ, Россия ва Хитой каби дунёнинг энг йирик давлатлари халқаро ҳуқуқ, қашшоқликка қарши кураш ва дискриминацияга қарши ҳаракатларга жиддий путур етказмоқда.