АҚШ президенти Доналд Трамп 22 май куни Эрон билан зиддият юзасидан кейинги қадамларни муҳокама қилиш учун мамлакат миллий хавфсизлиги масалаларига масъул юқори мартабали мансабдор шахслар билан учрашув ўтказди, дея хабар бермоқда CNN телеканали.
CNN манбаларига кўра, мазкур йиғилиш урушни тўхтатиш бўйича келишувга эришишга қаратилган узоқ муддатли дипломатик саъй-ҳаракатлар фонида бўлиб ўтди. Йиғилиш кейинги ҳаракатлар бўйича бирор қарор қабул қилинмаган ҳолда якунланган.
Қайд этилишича, музокаралардан ҳафсаласи пир бўлган Трампга ҳарбий ҳаракатларни қайта бошлаш вариантлари таклиф қилинган. У шу ҳафта бошида ҳужум бошлаш ҳақида буйруқ беришига бир бахя қолганини, бироқ Форс кўрфази давлатларининг илтимосига кўра ўзини тийиб турганини маълум қилган.
Трамп дам олиш кунлари Нью-Жерсидаги голф курортига сафарини бекор қилган ва Багама оролларида бўлиб ўтадиган ўғлининг тўйига бормаслигини билдирган. Бунинг ўрнига “ҳукумат билан боғлиқ ҳолатлар ва Америка Қўшма Штатларига бўлган муҳаббати” сабабли Вашингтонда қолишга қарор қилгани маълум қилган.
CNN'нинг қайд этишича, Трампнинг бундан кейин қандай йўл тутиши ҳозирча номаълум. У шу ҳафта бошида Эронга урушни тўхтатиш бўйича мақбул таклифни тақдим этиши учун келаси ҳафта бошигача муҳлат берган эди. Айрим расмийлар музокаралар давом этишига умид билдирмоқда, бироқ икки давлат ўртасидаги баҳсли масалалар қандай ҳал этилиши ҳозирча аниқ эмас.