АҚШ 36 та давлат фуқаролари учун мамлакатга кириш чекловларини жорий этмоқчи. Бу ҳақда The Washington Post нашри давлат департаменти ҳужжатлари билан танишган ҳолда хабар берди, деб ёзади "Дарё" нашри.
Рўйхатга Африканинг 25 давлати, жумладан, АҚШнинг ҳамкорлари ҳисобланган Миср ва Жибути, шунингдек, Кариб денгизи ҳамда Тинч океани минтақасидаги давлатлар киритилган. Марказий Осиё минтақасидан Қирғизистон ҳам рўйхатга киритилган.
Шунингдек, қуйидаги давлатлар ҳам рўйхатга киргани айтилади:
Ангола, Антигуа ва Барбуда, Бенин, Бутан, Буркина-Фасо, Кабо-Верде, Камбоджа, Камерун, Конго, Доминика, Эфиопия, Габон, Гамбия, Гана, Кот-д’Ивуар, Либерия, Малави, Мавритания, Нигер, Нигерия, Сент-Китс ва Невис, Сент-Люсия, Сан-Томе ва Принсипи, Сенегал, Жанубий Судан, Сурия, Танзания, Тонга, Тувалу, Уганда, Вануату, Замбия ва Зимбабве.
Ҳабарда таъкидланишича:
“Бу ташаббус Трамп маъмуриятининг иммиграция сиёсатини кучайтиришдаги янги босқич бўлади.”
Давлат котиби Марко Рубио томонидан имзоланган ва америкалик дипломатларга юборилган ҳужжатга кўра, юқорида зикр этилган давлатлар ҳукуматларига давлат департаментининг янги талабларини бажариш учун 60 кунлик муддат берилган.
Ҳужжатда таъкидланишича, ушбу давлатлар қатор мезонларга жавоб бермайди. Айримларида ишончли ҳужжатларни берувчи ваколатли идоралар йўқ ёки кенг кўламли сохтакорлик ҳолатлари кузатилмоқда. Шунингдек, бу мамлакатларнинг кўплаб фуқаролари АҚШда белгиланган муҳлатдан ортиқ туриб қолмоқда.
Нашрнинг ёзишича, давлат департаменти ва Оқ уй бу ҳақда расмий изоҳ беришдан бош тортган.