Ижтимоий тармоқларда Учтепа туманида ҳомиладор аёл кесарча кесиш амалиётидан сўнг оғир аҳволга тушиб, 6 ойдан буён кома ҳолатида экани ҳақида хабар тарқалди.
Мазкур ҳолат юзасидан маълум қилинишича, фуқаро М.М. жорий йилнинг 24 апрель куни ҳомиладорликнинг 38 ҳафталик муддатида қорин пасти ва бел соҳасидаги кучли оғриқлар билан Тошкент шаҳар 9-сон туманлараро перинатал марказига мурожаат қилган ва туғруқ бўлимига ётқизилган.
Туғруқ жараёнида унга перидурал оғриқсизлантириш амалиёти ўтказилган. Шундан сўнг қисқа вақт ичида беморнинг қон босими кескин пасайиб, периферик пульс аниқланмаган ва юрак фаолияти тўхтаган.
Шифокорлар томонидан зудлик билан юрак-ўпка реанимацияси ўтказилган. Юрак фаолияти тикланганидан сўнг кесарча кесиш амалиёти бажарилиб, тирик ўғил чақалоқ дунёга келтирилган.
Беморда юқори спинал блок, гипотензия ва гипоксия ҳолати кузатилгани сабабли у узоқ муддат сунъий ўпка вентиляциясига уланган. 24–27 апрель кунлари Тошкент шаҳар 9-сон туманлараро перинатал марказининг жонлантириш бўлимида даволанган бемор кейинчалик реанимобилда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг нейрореанимация бўлимига ўтказилган.
Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан ўтказилган хизмат текшируви натижаларига кўра, беморга кўрсатилган тиббий ёрдам амалдаги миллий клиник протоколларга мувофиқ амалга оширилган.
Шунингдек, беморда юзага келган юқори спинал блок кам учрайдиган анестезиологик асоратлардан бири сифатида баҳоланган.
Ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Айни пайтда Учтепа туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.