Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаевнинг ўғли Қодир Атамбаев ва Социал-демократлар партияси етакчиси Темирлан Султанбеков мол-мулки мусодара қилинган ҳолда мос равишда тўрт ва етти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Бу ҳақда қирғиз оммавий ахборот воситалари хабар бермоқда.
Бишкекнинг Первомайский туман суди уларни "ҳокимиятни зўрлик билан эгаллаб олиш"да айбдор деб топди.
Суд собиқ Жогорку Кенгаш депутати Кубаничбек Қодировни оқлади.
Ишда яна бир қанча шахслар ҳам иштирок этмоқда: илгари Аламудун туман суди томонидан фирибгарликда айбланиб, саккиз йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган Абдураҳим Абдрахманов; ва айблов қайта таснифланган, шартли назоратга олинган ва суд залида ҳибсдан озод қилинган Эрмек Эрматов. Қозоғистон фуқароси Серикбай Кабйланбек жазосини ўтаб бўлганидан сўнг суд залида ҳибсдан озод қилинди, шундан сўнг у Қирғизистондан депортация қилинди.
Аввалроқ, мамлакат Ички ишлар вазирлиги 2025 йилги парламент сайловларидан кейин оммавий тартибсизликларни режалаштирганликда гумон қилинган 10 кишидан иборат гуруҳни ҳибсга олган эди. Полиция маълумотларига кўра, Социал-демократлар партияси вакиллари тартибсизликларни уюштириш ва куч ишлатиш учун уюшган жиноятчилик гуруҳи аъзолари, спортчилар ва уларнинг тарафдорларини ёллашни ният қилган.