Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек тумани ҳудудида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида йўл-патрул хизмати ходими қурбон бўлди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (ЙҲХХ) матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, авария 16 июль куни соат 18:30 ларда рўй берган. Дўрмон йўли кўчаси бўйлаб 3 нафар ЙПХ инспекторлари патруллик мототциклларида ҳаракатланиб кетаётган вақтида Ғазалкент кўчасидан чорраҳага кириб келган “Onix” машинаси билан тўқнашиб кетган.
Натижада ЙПХ ходимларидан бири олган тан жароҳатлари сабаб воқеа жойида вафот этган. Ҳодисада тан жароҳати олганларга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
“Ижтимоий тармоқларда мазкур ЙТҲ кортеж кузатуви вақтида содир бўлгани тўғрисида нотўғри талқин кузатилмоқда. Тармоқ вакилларида асослантирилмаган хабарларни тарқатмасликларини сўраймиз”, - дейилган хабарда.
Ҳозир терговга қадар суриштирув ўтказилмоқда.