Тошкент шаҳридаги мактабларнинг бирида ўқитувчи ўқувчилари кўз ўнгида иккинчи қават деразасидан мушукни улоқтириб юборган. Суд ўқитувчини БҲМнинг бир баравари миқдорида жаримага тортди. У ўз аризасига кўра ишдан бўшатилгани ҳам айтилмоқда.
Тошкент шаҳри Учтепа туманидаги 62-мактабнинг ўзбек тили ўқитувчиси ўқувчилари кўз ўнгида иккинчи қават деразасидан мушукни кўчага улоқтирган. Мушукча нобуд бўлган.
Воқеа 27 сентябр куни содир бўлган. Пойтахт таълим бошқармасининг тушунтиришича, 7-синф ўқувчилари «она тили дарсига ўзбошимчалик билан мушук олиб кирган».
Гарчи бошқарма мушук жиддий жароҳатлар олмаганини таъкидлаган бўлса-да, «Мушуккент» лойиҳаси мушукча иккинчи қаватдан қулаши оқибатида кўплаб жароҳатлар олгани, Ecolog.uz эса мушукча кейинроқ нобуд бўлганини хабар қилган.
Учтепа тумани суди томонидан ўқитувчига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 111-моддаси 1-қисми —ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлгани учун 375 минг сўм миқдорида жарима солинган.
Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси хабарига кўра, ўқитувчи ўз аризасига биноан эгаллаб турган вазифасидан озод этилган.