Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январ–июл ойларида Ўзбекистонда 125,8 трлн сўмлик молиявий хизматлар кўрсатилган.
Бу 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 24,5 фоизга кўп. Молиявий хизматларнинг энг катта ҳажми Тошкент шаҳри ҳисобига тўғри келган. Пойтахтда бу кўрсаткич 75,1 трлн сўмни ташкил этган. Бу рўйхатдаги вилоятлар орасидаги энг юқори натижадан бир неча баробар кўп.
Фарғона вилоятида 6 трлн сўмлик молиявий хизматлар кўрсатилган. Тошкент вилоятида 5,7 трлн сўм, Андижонда 5,6 трлн сўм қайд этилган.
Самарқандда хизматлар ҳажми 4,8 трлн сўм, Қашқадарёда 4,1 трлн сўмни ташкил қилган. Хоразмда 3,5 трлн сўмлик хизмат кўрсатилган бўлса, Сурхондарёда ҳам бу кўрсаткич 3,5 трлн сўм бўлган.
Бухоро вилоятида 3,4 трлн сўм, Наманганда 3,3 трлн сўмлик молиявий хизматлар кўрсатилган. Жиззахда 3 трлн сўм, Қорақалпоғистон Республикасида 2,9 трлн сўм қайд этилган.
Навоий вилоятида молиявий хизматлар ҳажми 2,8 трлн сўмга етган. Сирдарёда эса 2 трлн сўмлик хизмат кўрсатилган.