Бугун 29 ноябрь, 2026 йил, якшанба

O'ZB

"Нега Украинага Евроиттифоқ бюджетидан пул беришимиз керак?"

"Нега Украинага Евроиттифоқ бюджетидан пул беришимиз керак?"

Чехия бош вазири Андрей Бабиш Европа Иттифоқининг 2028–2034 йилларга мўлжалланган бюджет лойиҳасини Прага учун мутлақо номақбул деб атади. У, хусусан, Украинага ЕИ бюджетидан маблағ ажратилишига қарши чиқди, деб хабар бермоқда Чехиянинг ČTK ахборот агентлиги.

Бабишнинг айтишича, у шанба куни Европа кенгаши раиси Антониу Кошта билан ёзишган. Кошта унга Европа Иттифоқига раислик қилаётган Ирландиянинг бюджетни яна 32 млрд еврога қисқартириш ҳақидаги таклифи тўғрисида маълум қилган.

Чехия бош вазири мамлакат ЕИ бюджетига тобора кўпроқ маблағ киритаётгани, аммо янги таклифга кўра, Прагага ажратиладиган маблағ яна тахминан 336 млн долларга камайиши мумкинлигини таъкидлади.

"Нега биз Украинага Европа бюджетидан пул беришимиз керак? Нима учун? Украина маблағни Европа бюджетидан ташқарида олиши лозим", — деди Бабиш.

У Европа парламенти, Еврокомиссия ва бошқа Европа тузилмалари фаолияти учун 2028–2034 йилларда сарфланиши режалаштирилган харажатларни ҳам танқид қилди. Унинг сўзларига кўра, бу харажатлар 100 млрд еврони ташкил этади.

Бабиш Европа Иттифоқи бюджетидан Украинага яна 100 млрд евро ажратиш режасини ҳам маъқулламаслигини билдирди. Унинг таъкидлашича, бюджет бўйича музокаралар кескин кечади, чунки томонларнинг позициялари жиддий фарқ қилади.

Мерц эса Европа Иттифоқининг барча 27 аъзоси Украинани молиялаштиришда иштирок этиши кераклигини таъкидламоқда.

Янги кредитни Европа Иттифоқининг умумий қарз мажбуриятлари орқали молиялаштириш режалаштирилмоқда.

Киритилди: 00:30 24.11.2026. Ўқилди: 4328 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар