Тошкент шаҳрида буюртма асосида фуқароларни ўғирлашга уринган икки нафар шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаменти хабар берди.
Мурожаатчи фуқаро аризасида номаълум шахслар уни автомашинада олиб қочгани, бироқ қатъий қаршилик кўрсатгани натижасида қочиб қолганини баён қилган. Шундан сўнг ўтказилган тезкор тадбирда икки нафар гумонланувчи ушланган.
Аниқланишича, улар 2003 ва 1998 йилларда Тошкент шаҳрида туғилган бўлиб, аввал Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан судланган. Гумонланувчиларга тегишли автомашина кўздан кечирилганда, юкхонасидан ўткир тиғли болта топилиб, процессуал тартибда расмийлаштирилган.
ИИВ маълумотига кўра, суриштирув давомида ушланганлар айбловларни тан олган. Уларнинг телефонлари текширилганда Telegram мессенжерида буюртмачи билан ёзишмалар аниқланган.
Ёзишмалардан маълум бўлишича, гумонланувчиларга аризачини ҳар қандай йўл билан буюртмачининг олдига олиб бориш топширилган. Шунингдек, улар яна бир фуқарони ҳам мажбуран олиб келиши, агар бу уддаланмаса, унинг бўйнига электрошокер билан уриб, ҳушсизлантириб бўлса ҳам етказиши керак бўлган.
ИИВ тарқатган видеода гумонланувчилардан бири бу гапни “ҳазил тариқасида” айтганини даъво қилган. Маълум қилинишича, гумонланувчилар иккинчи фуқарони унинг ишхонаси олдида қарийб тўрт соат кутган. Бироқ у хизмат сафарига кетганини билгач, режани бошқа кунга қолдирган.
Ҳолат юзасидан уларга нисбатан Жиноят кодексининг 137-моддаси (одам ўғирлаш) 2-қисми “б” ва “в” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.
ИИВ фуқароларни товламачилик, зўравонлик ва таҳдид орқали пул ундириш ёки хизматларни текинга бажартириш каби ҳолатларга дуч келса, ички ишлар органларига мурожаат қилишга чақирди. Вазирликка кўра, мурожаатчининг шахси сир сақланади.