Тадбирда 150 нафар иштирокчи қатнашди, форум якунида Тошкент декларацияси қабул қилинди.
Тошкентда Халқаро қишлоқ аёллари куни ва 2026 йил — Халқаро аёл фермерлар йили муносабати билан «Аёл фермерлар: илм-фан, инновациялар ва агроозиқ-овқат тизимлари трансформацияси» мавзусида халқаро форум бўлиб ўтди.
Тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари, халқаро институтлар, олимлар, аграр соҳа мутахассислари, фермерлар ва оммавий ахборот воситалари вакилларидан иборат 150 нафар иштирокчи қатнашди.
Форум Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО), Германия тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки ва бошқа ҳамкор ташкилотлар иштирокида ташкил этилди.
БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2026 йилнинг Халқаро аёл фермерлар йили деб эълон қилиниши қишлоқ хўжалигида хотин-қизларнинг ролини ошириш, уларнинг ер, молиявий ресурслар, замонавий технологиялар ва бозорлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.
ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари ўринбосари Шерзод Умаров аёл фермерлар озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва қишлоқ ҳудудларини ривожлантиришда муҳим ўрин тутишини таъкидлади. Унинг қайд этишича, аёлларнинг билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш, инновацияларни жорий этиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда агроозиқ-овқат тизимларида тенг иштирокини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга.
Форум доирасида аёл фермерларнинг аграр илм-фан, агробизнес ва қиймат занжирларидаги иштирокини кенгайтириш, иқлим ўзгаришига мослашиш, табиий ресурслардан самарали фойдаланиш ва рақамли технологияларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Мавзули сессияларда мева-сабзавотчилик соҳасида кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш, илмий тадқиқотлар натижаларини амалиётга татбиқ этиш ва ишлаб чиқарувчилар билан илмий муассасалар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашилди.
ФАОнинг «Агроозиқ-овқат тизимлари ва қишлоқ ҳудудларини ривожлантиришдаги 100 нафар қаҳрамон аёл» рўйхатига киритилган ўзбекистонлик фермер Мастурахон Сайфутдинова бундай тадбирлар фермерларга тажриба алмашиш, янги ҳамкорлар топиш ва инновацион ечимлар билан танишиш имконини беришини таъкидлади.
Тадбирда аёл фермерлар етиштирган қишлоқ хўжалиги ва қайта ишланган озиқ-овқат маҳсулотлари, шунингдек, аграр инновациялар ҳамда стартаплар кўргазмаси ташкил этилди. Шунингдек, «2026 йилнинг энг яхши аёл фермери» республика танлови ғолибалари тақдирланди.
Форум якунида аёл фермерларнинг аграр илм-фан ва инновациялардаги иштирокини кенгайтириш, иқтисодий имкониятларини мустаҳкамлаш ҳамда замонавий технологиялардан фойдаланишини яхшилашга қаратилган Тошкент декларацияси қабул қилинди.
Ҳужжатда аёллар аграр тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, илмий муассасалар ва ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда барқарор агроозиқ-овқат тизимларини шакллантириш устувор йўналишлар сифатида белгиланди.