2026 йил 25 октябрь куни Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида ис газидан заҳарланиш оқибатида 6 нафар фуқаро вафот этди, яна 2 нафар фуқаро оғир аҳволда шифохонага ётқизилди.
Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилаётган хусусий уйда содир бўлган. Аниқланишича, уйнинг ертўла қисмига ўрнатилган иситиш қозони хавфсизлик талабларига жавоб бермаган, газ тармоғига эса белгиланган тартибда тегишли техник шартларсиз уланилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Мирзо Улуғбек тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 116, 257, 205-моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Айни пайтда тергов ҳаракатлари Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан олиб борилмоқда.
Ҳурматли фуқаролар!
Бундай кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида газ ускуналари ва иситиш мосламаларидан фойдаланишда ёнғин хавфсизлиги талабларига қатъий риоя қилишингизни сўраймиз.
Шунингдек, газ ускуналари ва иситиш мосламалари белгиланган тартибда малакали мутахассислар томонидан ўрнатилиши ҳамда уларнинг техник ҳолати мунтазам текшириб турилиши лозим.
Хавфсизлигингизга бефарқ бўлманг! Ўзингиз ва яқинларингизни асранг!