Тошкент шаҳрида 180 миллиард сўмдан ортиқ криптовалюта ноқонуний айланмасини амалга ошириб, букмекерлик компанияларига хизмат кўрсатган жиноий гуруҳ аниқланди. Бу ҳақда ИИВ Тезкор-қидирув департаменти ҳузуридаги Киберхавфсизлик маркази маълум қилди.
Маълум қилишларича, Яшнобод туманида қўлга олинган гуруҳнинг 6 нафар аъзоси хорижий онлайн қимор компанияларига хизмат кўрсатиб, қимор ўйинлари орқали олинган маблағларни Decent криптовалюта платформаси орқали легаллаштирган. Тергов маълумотларига кўра, улар 8 ой давомида 180 миллиард сўмдан ортиқ криптоактивларни ноқонуний айлантирган.
Тезкор тадбирлар давомида 38 та мобил телефон ва пул ювишда ишлатилган мингга яқин банк карталари ушланиб, ашёвий далил сифатида олинган.
Ушбу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг уюшган гуруҳ томонидан криптоактивлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузишни назарда тутувчи моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилди.