Дунё шаҳарларида яшаш харажатларини ҳисоблаш бўйича энг кўзга кўринган маълумотлар базасидан бири бўлган Numbeo нашри Тошкент шаҳрининг 2020 йил июн ойи ҳолатига шаҳарда яшаш сифати, ахборот технологиялардан фойдаланиш имконияти, уй-жой кўрсаткичлари, жиноятчилик даражаси, тиббий хизмат сифати ва бошқа кўплаб статистик маълумотларни жамлаб бир оиланинг Тошкент шаҳрида яшаш нархини эълон қилди, дейди “xabardor.uz”.
Numbeo нашрига кўра, дунё бўйича тузиб чиқилган 492 та шаҳарлар орасида яшаш нархи арзон бўлган шаҳарлар биринчи учталигига Ҳиндистоннинг иккита шаҳри ва Покистоннинг Карачи шаҳри киритилган.
Ўзбекистон пойтахти Тошкент эса 27,71 рейтинг кўрсаткич билан ушбу рўйхатнинг 38 ўринида қайд этилган.
Яшаш энг қиммат бўлган шаҳарлар учталигини Швейцариянинг Цюрих (127,83), Лугано (127,59) ва Базел (126,83) шаҳарлари банд қилган.
Нашр Тошкентда тўрт кишилик оила учун бир ой давомида қуйидаги харажатларни ҳисоблаб чиқди:
*ресторанларда тушлик ёки кечки овқат қилиш (бир ойда 10 фоиз) – 212,22 АҚШ доллари;
*кино (тунги сайр, паркларни айланиш ва ҳ.к. – ҳафтасига бир марта) – 58.49 АҚШ доллари;
*озиқ-овқат маҳсулотлари – 504.54 АҚШ доллари;
*турли ичимликлар – 14.86 АҚШ доллари;
*жамоат транспортига тўлов (оиланинг барча аъзосига, ойлик) – 60.00 АҚШ доллари;
*спорт ва бошқа турли тўгараклар – 155.96 АҚШ доллари;
*коммунал хизматлар – 76.79 АҚШ доллари;
*кийим-кечаклар – 94.55 АҚШ доллари;
*бошқа харид ва хизматлар – 186.06 АҚШ доллари.
Мазкур рўйхатда шахсий автомобиль, такси, дам олиш ва саёҳат, ижара, болалар боғчаси учун тўлов ва хусусий мактаблар учун тўловлар ҳисобланмаган.
Numbeo нашрига кўра, Тошкентда тўрт кишилик оила учун бир ой давомида жами 1363,47 АҚШ доллари сарфланади.