Маҳаллий аҳоли вакилларининг Аmu TV нашрига маълум қилишича, норозиликка сўнгги ойларда “Толибон” ҳаракати босимни оширгани сабаб бўлган. “Толибон” ҳудудда тинтув, ҳибсга олиш ва хавфсизлик чораларини кучайтирган.
"Кеча вазият жуда ёмон эди, бугун ҳам яхши эмас. Тўқнашувда 4 киши ўлди, яна 9 киши яраланди. Тўқнашувлар бошлангандан бери кўчага чиқа олмаяпмиз", — деди маҳаллий аҳоли вакилларидан бири.
Бошқа бир фуқаронинг айтишича, “Толибон” сўнгги кунларда ҳибсга олишни кўпайтирган. Ёшлар қўлга олинишдан қўрқиб уйдан чиқолмаяпти. Уйлар қайта-қайта тинтув қилинмоқда.
Бироқ “Толибон” вазиятга бошқача изоҳ берди. Вилоят ИИБ маълум қилишича, назорат-ўтказиш пунктида гиёҳванд модда олиб ўтаётган мотоцикл тўхтатилган. Шундан сўнг тўқнашув юзага келган. Расмийлар намойишчиларни “ҳужумчилар” деб атади ва уларнинг бир нечтаси яраланганини билдирди.
Манбалар “Толибон” орасида ҳам ярадорлар борлигини тасдиқлади. Аммо уларнинг аниқ сони маълум эмас. Бир неча кундан бери Бадахшон вилоятининг Яфтали Пайин ва Зебок туманларида “Афғонистон озодлик фронти” каби қуролли гуруҳлар ва “Толибон” ўртасида тўқнашувлар давом этмоқда.
Мамлакатда мухолифат фаоллашгани сабабли “Толибон” 2 август куни еттита вилоятда 547 нафар янги ҳарбий хизматчи ёлланганини билдирди. Умуман олганда, 11 та вилоятда, жумладан, Қандаҳор, Бадахшон, Хост, Кунар, Логар, Зобул, Пактия, Пактика, Нуристон, Нангарҳор ва Нимрўзда янги аскарлар йиғилмоқда.