"Толибон" ҳаракати Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаганининг беш йиллигини катта тантана ва ҳарбий парад билан нишонлади.
15 август куни Кобулдаги АҚШнинг собиқ элчихонаси олдидан "Толибон"га тегишли зирҳли машиналар ҳаракатланди. Парад иштирокчилари ҳаракат байроқлари ва шиорларини намойиш қилди.
"Толибон" 2021 йилда АҚШ ва унинг иттифоқчилари Афғонистондан чиқиб кетиши фонида ҳокимиятга қайтган эди. Ўша пайтда ҳаракат вакиллари 1990-йиллар охири ва 2000-йиллар бошидаги бошқарувга нисбатан юмшоқроқ сиёсат юритишга ваъда берган.
Бироқ халқаро ташкилотлар ва БМТ маълумотларига кўра, сўнгги беш йил давомида Афғонистонда гуманитар ва табиий офатлар билан боғлиқ муаммолар сақланиб қолмоқда. Айниқса, аёллар ва қизларнинг таълим олиши, ишлаши ва жамоат ҳаётида иштирок этишига қўйилган чекловлар халқаро танқидларга сабаб бўлиб келмоқда.
Шунингдек, мамлакатда турли қуролли ва террорчи гуруҳлар фаолиятининг давом этаётгани Афғонистондаги хавфсизлик ва барқарорликка салбий таъсир кўрсатмоқда.