Англиянинг "Бёрнли" клуби Қозоғистон терма жамоаси ҳужумчиси Дастан Сатпаев трансферини эълон қилганидан сўнг ижтимоий тармоқларда обуначилар сони кескин ошганига гувоҳ бўлди. Бу ҳақда Sports.kz хабар берди.
Маълумотга кўра, бир сутка ичида клуб расмий аккаунтидаги обуначилар сони тахминан 850 мингдан 926 минг нафарга етган. Бу Чемпионшип клуби учун янги рекорд сифатида қайд этилмоқда.
Сатпаев 14 август куни "Челси"дан "Бёрнли"га 2026/27 йилги мавсум охирига қадар бир йиллик ижара асосида ўтди. Келишувга кўра, ижара ҳақи 350 минг еврони ташкил қилади ва футболчини кейинчалик сотиб олиш ҳуқуқи кўзда тутилмаган.
Шунингдек, шартномада "Бёрнли" Сатпаевга етарлича ўйин амалиёти бериши шартлиги ҳақидаги банд ҳам мавжуд.
18 ёшли форварднинг трансфер ҳуқуқлари "Челси"га тегишли. У 12 август куни Лондон клуби билан 2033 йилга қадар мўлжалланган узоқ муддатли шартнома имзолаган.
15 август куни Сатпаев "Бёрнли" сафида илк машғулотини ўтказди. Кутилишича, қозоғистонлик ҳужумчи 16 август куни Чемпионшип 1-турида "Вест Хэм"га қарши баҳсда янги жамоаси сафида дебют қилиши мумкин.