Хабарларга кўра, Тожикистон авиация ёнилғиси импорти бўйича Қозоғистон, Туркманистон ва бошқа давлатлар билан музокаралар олиб боряпти.
Бу ҳақда мамлакат Фуқаро авиацияси агентлиги раҳбари Ҳабибулло Назарзода 8 июл куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Озодлик радиосининг Тожик хизмати саволига жавоб берар экан маълум қилди.
Назарзоданинг сўзларига кўра, Тожикистон ёнилғи компаниялари бир ҳафтадан бери муқобил етказиб берувчиларни қидирмоқда.
"Ҳозирда биз шартнома тузиш ва импортни ташкил этиш учун ёнилғи қаерда мавжудлиги ҳақида маълумот оляпмиз", — деди у.
Мулозим музокаралар тафсилотларини очиқламади. Янги етказиб берувчиларни қидириш Москва 1 июндан 30 ноябргача авиация ёнилғиси экспортини тақиқлаганидан кейин бошланди. Шу пайтгача Тожикистон авиаёнилғини асосан Россиядан сотиб олар эди. Расмий статистикага кўра, 2025 йилда мамлакат у ердан 1,2 миллион тоннадан ортиқ нефт маҳсулотлари импорт қилган.
Матбуот анжуманида Тожикистонда қанча авиаёнилғи қолгани очиқланмади. Июн бошида "Азия-Плюс" агентлиги Энергетика вазирлигига таяниб, захиралар тахминан 60 минг тонна қолгани ва бу ноябр ойи охиригача етиши кераклиги ҳақида ёзган эди.
Мамлакатда авиаёнилғи нархи аввал ҳам эътирозларга сабаб бўлган. 2025 йил август ойида Туркиянинг Душанбедаги элчиси Умут Акар "Turkish Airlines" Душанбе аэропортида бир тонна ёнилғи учун 1780 доллар тўлашини, Тожикистоннинг "Somon Air" компанияси эса Истанбулда 930 доллар тўлашини ёзганди.
Тожикистон расмийлари бунга оммавий равишда жавоб қайтармаган. Ёнилғи етказиб берувчилар эса аввалроқ юқори нархларни ёнилғи четдан импорт қилиниши билан изоҳлашган эди, дейилади хабарларда.