Соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруғи билан тиббиёт олий таълим муассасалари ва уларнинг филиаллари, Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази, республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари, илмий-тадқиқот институтларида 2024/2025 ўқув йили учун клиник ординатура (резидентура)га ҳужжатлар қабул қилиш бошланди.
2024/2025 ўқув йили қабулида ҳужжат топширувчиларга қулайлик яратиш мақсадида рўйхатдан ўтиш жараёни бевосита ва онлайн тарзда – ташкилотларнинг расмий веб-сайтлари орқали амалга оширилади.
Клиник ординатура (резидентура)га ҳужжатлар қабул қилиш оммавий ахборот воситаларида танлов эълон қилинган кундан бошлаб, жорий йилнинг
20 августига қадар (шу куни ҳам) бўлиб ўтади.
Ҳужжат топширувчилар ва уларнинг ота-оналарини қизиқтирган саволларга жавоб бериш учун ташкилотларда ҳафтанинг душанба-шанба кунлари соат 9:00-18:00 гача ишлайдиган мурожаатлар марказлари фаолияти йўлга қўйилади.
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар қабул режаси бўйича берилган мақсадли ўринларга танловлар ҳар бир ҳудуд учун алоҳида ташкил этилади ва ажратилган ўринларга ушбу ҳудудларда яшовчи ёки бошқа вилоятларда ишлаш истагини билдирган шифокорлар қабул қилинади.
Жорий йилнинг 24-26 август кунлари клиник ординатура (резидентура) мутахассисликлари бўйича кириш имтиҳонлари бир босқичли тест синовлари асосида Тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг малакасини баҳолаш маркази ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан ўтказилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.