Нобель қўмитаси физиология ёки тиббиёт бўйича нуфузли мукофот совриндорлари номини 6 октябрь, душанба куни эълон қилди.
Олимлар Мери Брунков, Фред Рамсделл ва Шимон Сакагучига одам иммун тизимининг ўз тўқималарига ҳужум қилишига тўсқинлик қилувчи периферик иммунитетга чидамлилик механизмини кашф этгани учун ушбу нуфузли мукофотга лойиқ кўрилди.
Нобель жамғармаси матбуот хизмати сайтининг хабар беришича, ушбу олимларнинг тадқиқотлари организмнинг иммун реакцияси қандай тартибга солиниши ҳақидаги тушунчага катта таъсир кўрсатди.
Одам иммунитети ҳар куни минглаб микроорганизмларнинг ҳужумларига қарши туради, аммо унинг кучи қаттиқ назорат қилиниши керак. Акс ҳолда, у организмнинг ўзига қарши таъсир кўрсатиб, аутоиммун касалликларига олиб келиши мумкин.
Совриндорлар иммунитет тизимининг ўз аъзолари ва тўқималарига ҳужум қилишига тўсқинлик қилувчи махсус турдаги ҳужайралар – тартибга солувчи Т-лимфоцитлар мавжудлигини аниқлашди.
Нобель қўмитаси раиси Олле Кемпенинг таъкидлашича, Брунков, Рамсделл ва Сакагучининг кашфиётлари “нима учун ҳамма аутоиммун касалликлардан азият чекмаслиги ва организм ўз ички мувозанатини қандай сақлаб туришини тушуниш учун жуда муҳим аҳамиятга эга” бўлди