Британиянинг The Economist нашри журналисти Оливер Кэрролл ёзишича, Киевнинг музокара гуруҳида Россия билан эҳтимолий сулҳ бўйича қарашлар турлича.
Маълумотларга кўра, Украина президенти офиси раҳбари Кирилл Будановга яқин қанот АҚШ воситачилигида тезкор келишувга эришиш Украина манфаатларига мос деб ҳисоблайди ва имконият ойнаси тез орада ёпилиши мумкинлигидан хавотирда.
Бошқа қанот эса, журналистга кўра, 2025 йил ноябрь ойида коррупция можароси ортидан истеъфога чиққан Андрей Ермак таъсирида бўлиб, тезкор келишувга нисбатан анча эҳтиёткор позицияни эгалламоқда.
Владимир Зеленский эса икки томон ўртасида мувозанат сақлашга ҳаракат қилаётгани, шу билан бирга ўз қарашларига ҳам эга экани қайд этилган.
Кэрролл хулоса қилишича, Украина учун тез келишув маъқулми ёки вақтни чўзиб, қулайроқ шароит кутиш афзалми — бу нозик мувозанат масаласи. Ҳар икки вариантда ҳам хавф-хатарлар мавжуд.
АҚШ ва унинг президенти Дональд Трамп тезкор “келишув” ғоясининг асосий тарафдорлари сифатида тилга олинган.
Женевада ўтаётган музокараларнинг учинчи раунди арафасида Трамп яна бир бор Украина томонини урушни тез якунлашга чақирган. Бироқ Россия ва Украина позицияларида ҳал этилмаган масалалар сақланиб қолмоқда, улар орасида асосийси — Донбасснинг урушдан кейинги мақоми масаласи.