Tesla эгаларига нима бўлди? Нега улар оммавий равишда автомобилларидан воз кечмоқда?
Сотув маълумотларига кўра, Tesla эгалари бренддан воз кечиб, эски автомобиллар бозорига таъсир кўрсатаётганга ўхшайди, бу эса нархларнинг пасайишига олиб келмоқда.
Бу ҳолат Илон Маскнинг Ҳукумат самарадорлиги департаменти раҳбари ва президент Доналд Трампнинг энг яқин маслаҳатчиларидан бири сифатидаги ўсиб бораётган сиёсий нуфузи Tesla акциялари ва сотувларининг пасайиши билан бир вақтга тўғри келди.
Илон Маскнинг бойлиги Tesla акциялари билан чамбарчас боғлиқ, бироқ компания қиймати сўнгги икки ҳафта ичида пасайиб кетди, чунки Маск Трамп маъмуриятидаги сиёсий фаолиятини кучайтирмоқда. Теслага қарши норозилик ҳам молиявий, ҳам маданий тус олди: вандализм ва автомобиль компаниясига қарши норозиликлар Маск ва Трампга қарши норозилик рамзига айланди.
CarGurus бозорни кузатиш сайтига кўра, Tesla ҳозирда ишлатилган автомобиллар бозорида энг кенг тарқалган электромобиль ҳисобланади. Бу ишлатилган Tesla нархининг ҳам пасайишига олиб келди, ҳозирда ўртача ишлатилган Tesla нархи бошқа бренддаги автомобилга қараганда 10 000 долларга арзонроқ бўлди.
2024 йилда Hertz 30 000 та Теслани сотувга қўйган эди. U.S. News & World Report маълумотларига кўра, ҳозирда АҚШда 14 мингдан ортиқ ишлатилган Tesla сотувда мавжуд бўлиб, уларнинг аксарияти тахминан 30 минг долларга сотилмоқда. Аксинча, 2022 йилда ишлатилган Тесланинг ўртача нархи 70 минг долларни ташкил этган, Business Insider нашри бу пасайишни Маскнинг сиёсий фаоллиги ошиши билан боғламоқда.
АҚШнинг кўплаб йирик технология компаниялари жойлашган Сан-Франсиско, шунингдек, ўз Тесласидан воз кечмоқчи бўлганлар учун марказга айланди.
"Мен Теслани ўтган йилнинг март ойида, Илоннинг ақлдан озганини билмасимдан олдин сотиб олган эдим," деди San Francisco Chronicle нашрига бир автомобиль эгаси. У уч йиллик ижара шартномаси бўйича ҳали минг долларлаб қарз бўлишига қарамай, ўзининг Model 3 русумли Тесласини BMW'га алмаштирди.
Сан-Франсискодаги "Audi" ва "Mercedes" дилерлик марказларининг иккаласи ҳам "Tesla" автомобилларини алмаштириш ҳолатлари кўпайгани ҳақида хабар беришди. "Audi San Francisco" компаниясининг бош операцион директори Энди Хансен шундай деди: "Биз "Tesla"ларини алмаштиришни хоҳлаётган одамлар сонининг сезиларли даражада ошганини кузатдик". Унинг дилерлик маркази ҳафтасига 5 та "Tesla" автомобилини алмаштираётганини ва бу рақам ошиб бораётганини маълум қилди.
Теннессилик қўшиқчи Шерил Кроу ўзининг "Tesla"сидан воз кечганини эълон қилди ва баёнотида шундай деди: "Ота-онам доимо... сиз ким билан мулоқот қилсангиз, ўшанга ўхшаб қоласиз, деб айтишарди. Шундай пайт келадики, сиз ўзингизни ким билан бирлаштирмоқчи эканлигингизни ҳал қилишингиз керак. Хайр, Тесла."