Бугун 23 сентябрь, 2020 йил, чоршанба

O'ZB

Террордан ажал сари: хоразмлик янги куёвнинг фожиали тақдири

Террордан ажал сари: хоразмлик янги куёвнинг фожиали тақдири

…Урганчлик Бобоназар Ражабовга 1995 йили яхши ният-ла бошлаган тўйи татимади. Эндигина 21 ёшга тўлган ўғли Азамат ўзи ва бўлғуси умр йўлдоши учун ҳозирланган гўшангага кирмади.

Куёвбола тўйига бир кун қолганида кутилмаганда Урганч шаҳрининг Самарқанд кўчасидаги ўзи униб-ўсган ота уйини тарк этиб, пой­­тахт — Тошкентга равона бўлди.

У тўй арафаси уйидан кетишга қа­рор қилганини гарчи яқинларидан сир тутган эса-да, бу ҳақдаги ниятини баъзи ет­ти ёт бегоналарга аллақачон маълум қилган эди.

Тошкентда уни айни шу кимсалар кутиб олди. У ва шериклари вақтни бекор ўтказишмади. Йўл ҳозирлигини кўришди ва орадан бир неча кун ўтгач, уч киши бўлиб, қўш­ни Тожикистон сари отланишди. Гоҳо автоуловда, кў­пинча эса, пойи-пиёда юришди. Кундузи паналаб, тунда ҳаракатланишди ва ниҳоят, қўшни рес­публиканинг Ҳоит қишлоғидан қўним топишди.

Азамат бу ерда ҳам бекорчиликни бир четга сурди, гапга чечанлик қобилиятини намо­йиш этди. Ҳеч иккиланмай «Тур­кистон», кейинчалик эса, «Ўз­бекис­тон ислом ҳаракати» деб номланган диний экстремизм ва террорчилик ташкилоти сафига қўшилди. Бу бузғунчи ташкилот раҳнамолари унга «Хузайфа» лақабини беришди ва 2000 йи­ли етарлича ҳарбий ҳамда диний бузғунчиликка қаратилган таълимдан сўнг уруш ва зўравонлик олови тобора зўраяётган Афғонистон заминига йўллашди.

Улар Қундуз шаҳрига етиб келишди. Бу ерда қонуний ҳокимиятга қарши қуролли жанг олиб  бораётган «Толибон» ҳа­ракати фаоллари уларни кутиб олишди, кийим-кечак, озиқ-овқат билан таъминлаб, анча вақтдан буён нотинч ва беҳаловат турмуш домида қолиб келаётган Мозори Шариф шаҳрига элтишди.

Азамат бу ерда ушбу қўпорувчилик ташкилотининг «Тар­ғибот» гуруҳига қў­шилди. Видеотасвирчилик бобида билим ва малакага эга эканини билдиргач, зиммасига айни шу вазифани юклашди.

Шу тариқа Азамат Тоҳир Йўл­дош, Жума Намангоний каби бузғунчи «амир-уламо»ларнинг яқин ҳамроҳи ва дастёрига айланди. Уларнинг нопок қадами, бузғунчи маъруза ва нутқларига дахлдор воқеалар тафсилоти акс этган юзлаб видео тасвирлар, ҳужжатли фильмларни суратга ол­­ди. Айюҳаннос солишдан иборат бундай сохта ва ёлғон-яшиқ видео тасма-тасвирлар араб, форс тилларида тарқатилди.

Жанг манзараларидан бирини тасвирга тушириш чо­ғи оғир яраланди, лекин ўз раҳнамосининг ғамхўрлиги билан яна оёққа турди.

Тузалиши билан тағин жанг майдонига отланди.

Тоҳир Йўлдошнинг кўрсатмасига мувофиқ, эри жангда ҳалок бўлган хоразм­лик аёл И. Оллобергановани шаърий йўл билан унга никоҳлаб беришди. Бу оила бир муддат қўшни Покистонда яшади. Бироқ турмушнинг бу янглиғ тотли дамлари омонат бўлиб чиқди. Бир ҳовуч бузғунчи тўдани бошқарган Ж. Намангоний, Т. Йўлдош сингари каллакесарлар ёт элда ит ўлимини топишди.

Афғонистон ва Покистон заминида уруш оловини ёқувчилар уясига сув қу­йилди. Бу юрт­лар пировардида Ватанга қуролли ҳамла қилишни мўл­жал­лаган жангари-хоинларга торлик қил­ди. Улардан кўпчилиги илоннинг инини минг тангага кира қилганча, баъзи форс ҳамда араб давлатларидан паноҳ излашди.

Бундай шум тақдир ва қисмат «ўйини»га Азамат ҳамда унинг шўрпешона аёли ҳамда фарзандлари ҳам дуч келишди. Ўз раҳнамоларидан жудо бўлиб, умидсизлик исканжасида қолган Азамат «ҳара­кат»­нинг янги раҳбарларидан қў­­лини ювиб, қўлтиғига урди, пайтини  пойлаганча бу ёт элни тарк этди.

Унинг оиласи Эрондан бошпана топди. Мазкур мамлакатнинг гоҳо у, гоҳо бу ҳу­дудида қочқин ва муҳожир мақомида тирикчилик қилди, пайти келганида эса, Ватанга қайтиш илинжида қўшни Озарбайжонга туташ Остара шаҳрига ҳам мўралади, бир неча ҳафта мобайнида оиласи билан сарҳаддаги шаҳарда омонатгина кун кечирди.

Айтишича, сарҳаддан ўтиш имкони топилмагач, ортига қайтган.

Афсуски, туғилиб ўсган диёр энди унга ёт. У ўз бағри­ни ватанфуруш-хоин­ларга очмайди, очолмайди. Бундай қил­­мишга қўл урган кимса, авваламбор, суд олдида ўз кирдикорлари ҳисобини бермоғи даркор.

Тоҳир Йўлдош ва у бошчилик қилган қуролли гуруҳ гумаштаси — видеотасвирчи Азамат томонидан амалга оширилган қилмиш эса, анча оғир: унга нисбатан Ватани олдидаги жиноятлари, ўзга юртлар аҳо­лиси, давлат ҳокимияти органларига қарши олиб борилган жанг ҳаракатларида фаол иштирок этгани учун ҳали 2007 йилдаёқ Ўзбекистонда жиноят иши очилиб, қидирув эълон қилинган.

Кечмиш ғилдираги эса, ҳамон тинимсиз айланади. Ана шу тариқа кунларни қувлаб, ҳафталар, ойлар, йиллар ўтди. Ёт элларда умгузаронлик қилаётган Ражабовлар оиласи фарзандлари 6 нафарга ет­ди. Оила узоқ Хоразмда қолган яқинлари билан алоқани тиклади.

Шундан сўнг аввалига Азаматнинг отаси Б. Ражабов, ке­йинчалик умр йўл­до­ши­нинг отаси И. Оллоберганов улар ҳузурига келишди. Бир муддат бирга яшаб, Ватанга қайтиш чоралари, йўл-йўриқларини излашди.

Ана шун­дай кунларнинг бирида юрт эшиклари гўёки ўзи­­­нинг ноқобил фарзанди учун очилгандай бўлди.

Арафада Эрон миграция хизмати то­монидан қўлга олиниб, турмага ташланди. Муҳожирнинг бир неча ойлик ҳаё­ти ана шу масканда кечди. Шу вақт ичида уни ўз юртига жў­натиш чоралари кўрилди. Бу воқеа 2017 йилнинг ноя­брь ойида содир бўлди.

Азамат тушган самолёт Теҳрондан учиб Тошкент халқаро аэропортига қўнди. Бироқ зикр қилинганидек, Ватан хоинга қучоқ очмади. Уни халқаро норма талабларига мувофиқ эртаси куниёқ ортига қай­таришди. Ёт элга қайт­ган муҳожир яна қочоқлар лагерига тушди.

Бир неча ҳафтадан сўнг ун­га қўш­ни Туркияга ўтиб яшаши мумкинлигини расман тушунтиришди. У таклифни қа­бул қилди. Оила қа­рийб 15 йил­лик сарсон-саргардонликдан сўнг ниҳоят турк­лар заминига етиб келди. Азамат бу ер­да ҳам юртига қайтиш истагидан воз кечмади. Ўзбе­кис­тоннинг Туркиядаги ваколатхоналарига кечирим сў­раб, пушаймонлик аризаси билан мурожаат қилди. Ва ниҳоят…

…2019 йил. Қишнинг дастлабки ойи. Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси Азаматнинг бир неча бор қилган мурожаатига жавоб қайтарди. Юртига қайтиши мумкинли­ги­ни бил­дирди. Айни пайтда­ уни Ватанда суд жавобгарлиги жараёни кутаётгани, башарти, мамлакатга қайтса, қо­нун сўровига дуч келиши ва жазоланиши мумкинлиги ҳақида ҳам огоҳлантиришди. Азамат икки йўл­дан бирини танлади, ватангадоликдан кў­ра жазони афзал билди. Қў­йилган шартга рози эканлигини баён этди.

…Азаматни бағрига олган самолёт 2019 йил 12 декабрь куни Тошкентга қўнди. Аён бўл­ганидек, уни бу ерда ҳу­қуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари кутиб олди. Ўзга элларда аллақачондан буён жирканч қилмишининг аччиқ ажрини татиб келаётган Азамат ниҳоят қонун сўровига ҳам дуч келди.

У тергов органи томонидан ўзига нисбатан қўйилган айб: Жиноят кодексининг ёвуз мақсадлар йўлида ёлланишга оид 154-моддаси 1-қисми, мавжуд конс­титуциявий тузумга тажовуз қилишга доир 159-моддаси 3-қисми «а» ва «б» бандла­ри, қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки ки­ришга тааллуқли 223-моддаси 2-қисми «б» ва «в» банд­ла­ри, тақиқланган ташкилотларни тузиш ва уларнинг фаолиятида иштирок этганликни назарда тутувчи 244-2-моддаси 1-қис­ми бўйича қўйилган айбловларга жавоб берди. Айбини тан олди, унга иқ­рорлик билдирган ҳол­да чуқур пушаймонлигини изҳор этди.

Азаматнинг халқ, жамият ва Ватан олдидаги жирканч қилмишлари жиноят ишлари бў­йича вилоят суди томонидан кўриб чиқилди. Бу жараёнда тергов ор­гани тарафидан Жиноят кодексининг юқоридаги моддалари юзасидан қўйилган айб ўз тасдиғини топди.

Аммо жазони енгиллатувчи бир қа­тор янги ҳолатлар ҳам юзага қалқиб чиқ­ди. Суд жиноят ишига тиркалган бир неч­та ҳолатни айбланувчининг гарданидан халос этди.

Сўнгги йиллардаги ҳаётининг маз­мун-моҳиятига разм солди, шу аснода жанг майдонидан қочиб, ўзга юртларда оиласи билан сарсон-саргардонликда турмуш кечиргани, ўзининг айтишича, жанглар чоғи қў­лига қурол олиб, одамларга қарши ўқ узмагани, одам ўлдирмагани, кейинчалик эса, буз­ғунчилик ҳа­ракатига ортиқ бош суқмагани, аксинча, тинч меҳнат жабҳасига қайтгани, ҳу­­нарманд­чилик, хусусан, ёғоч чиқиндиларидан мебель ясаш, қўй боқиш билан маш­ғул бўлгани, гулчилик, асаларичилик билан шуғуллангани, пировардида Ватандан айро яшашдан кўра қонуний жазони афзал билгани тузалиш йўлида­ги жиддий қадам сифатида баҳоланди.

Лекин бор ва бўлган ҳақи­қат манаман деб турган оғир жиноий қилмиш асоратлари, халққа, Ватанга қилинган хиёнат изларини ювиб, супуриб ташлаш, инкор этиш, ҳатто хас пўш­лаш­нинг ҳам иложи йўқ. Мамлакатимиз қонунчилигидаги бағрикенгликнинг шарофати шу бўлдики, яхшиликка йўғрилган жиҳатларни — олдга, ёмонликка йўйилгучи ҳолатларни эса, ортга сурди. Адолат ва кечиримлилик йўлини танлади.

Оғир жиноий қилмишларни содир этган собиқ жангари ҳар тўртала модда бўйича назарда тутилган жазоларни қисман қўшиш асносида 10-20 йилларга эмас, жами 7 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. У мазкур жазони умумий тартибли иж­ро колониясида ўтайди.

…Маҳкумнинг кейинги чорак асрлик умр йўларига ҳам нигоҳ ташлаймиз. У кўзга борса — келмас, тушса — чиқмас тубсиз жарлик, аросат ва қа­боҳат бот­қоғи сувратида намоён бўлади. Бу жаҳонда яхши инсон борки, ҳа­миша ошини ошаб, ёшини яшайди. Ва, аксинча, ёмон ва ёвуз ниятли кимсалар борки, ўз қилмишининг жабрини тортади, то-абад дуойи бадга дучор бўлади.

Кечмиш йиллар бундай шум тақдир ёмон ва ёвуз ниятли юртдошимизни тинимсиз таъ­­қиб қилиб борди. Яхши ва эзгу амаллар ҳамиша танта­на қилгани каби ёмон ва тубан амаллар, қилмиш-кирдикорлар мудом  мағлуб бўлди, чуқур таназзулга учради. Буюк шоҳ ва шоир Заҳириддин Му­ҳаммад Бобур таъбири билан айт­ганда:

Кимки вафо қилса, вафо топқусидир,      

Кимки жафо қилса, жафо топқусидир.

Бобокалонимизнинг бу ибратли нақ­ли айни дориламон замонамизда жамият қонуни сифатида намоён бўлаяпти. Жамият қонунларини эса, ҳеч ким инкор этолмайди, хас пўш­­лай ҳам олмайди. Гуноҳкор элдошимиз Азамат Ражабов айни ана шу қонуният теграсида жазога тортилди.

Бу янглиғ қисматга дуч келмасликнинг бирдан-бир чораси — қонунга итоат ва қонуннинг талабу тақозоларига нисбатан ҳурмат ҳамда камарбас­таликдир. Омад ва мурод эшиклари шу йўлдан юрганлар учун ҳамиша очиқ.

Киритилди: 15:06 10.08.2020. Ўқилди: 7027 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!