Cув инқирози янада кучайган тақдирда Теҳрон эвакуация қилиниши мумкин — Эрон президенти.
Масъуд Пизишкиён бу ҳақда мамлакат ғарбидаги Сенендеж шаҳрига хизмат сафари чоғида маълум қилди, дея хабар бермоқда Reuters.
"Эрон табиий муаммоларга дуч келмоқда ёғингарчилик камлиги ва сув ресурсларининг камайиши оғир оқибатларга олиб келмоқда", — деди Пизишкиён.
Президент сув ва энергияни қаттиқ тежаш, ресурсларни янада оқилона бошқаришга ўтиш ниҳоятда зарурлигини таъкидлаб, пойтахтдаги ташвишли вазиятга эътибор қаратди.
"Агар яқин орада ёмғир ёғмаса, кейинги ойдан бошлаб Теҳронда сув таъминотига қатъий чекловлар киритишимиз керак бўлади. Агар ёғингарчилик бўлмаса, захиралар тугайди ва биз шаҳарни эвакуация қилишни бошлашга мажбур бўламиз", деди Пизишкиён.
"Сўнгги беш йил ичида мамлакатда ёғингарчилик даражасининг пасайиши кузатилмоқда. Об-ҳаво хизмати маълумотларига кўра, жорий йилда Теҳронда ёғингарчилик мавсумдаги ўртача кўрсаткичдан 40 фоизга кам бўлган. Баҳор ва ёз ойларида ёмғирнинг деярли ёғмаслиги сув омборларидаги сув ҳажмининг ҳалокатли даражада камайишига олиб келди. Инқироз нафақат ер усти, балки ер ости сув ресурсларига ҳам таъсир кўрсатиб, уларнинг тез камайиб кетишига сабаб бўлди", дея ёзмоқда Reuters.