Бугун 23 апрель, 2024 йил, сешанба

O'ZB

ТДПУда тўлов шартномаларини тарқатиш жараёни – навбатлар аслида ҳам борми?

ТДПУда тўлов шартномаларини тарқатиш жараёни – навбатлар аслида ҳам борми?

Сўнгги пайтларда олий таълим муассасалари фаолиятида шаффофлик, очиқлик кўзга ташланмоқда. Низомий номидаги ошкент давлат педагогика университети профессор-ўқитувчиси университет тўғрисидаги танқидларга жавоб қайтарди.

Тирноқ остидан кир қидиришни истаган, турли миш-миш, “шов-шув” хабарлар тарқатиб, ўз обуначилари сонини кўпайтиришни истаган айрим блогерлар Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида олиб борилаётган фаолиятдаги камчиликлар ҳақида “куюнчаклик билан” ёзишда давом этмоқда.

Бу сафар тўлов-шартнома олишни кутаётган талабалар ҳақида маълумот тарқатилди.

Блогер шу ахборотни жойлаштиришдан аввал университет маъмурияти билан боғланиб, вазиятни ўрганиши лозимлиги ҳеч бўлмаганда одоб қоидаларида кўзда тутилгани ҳақида унга эслатишни жоиз деб биламан.

Университетда ҳозирда кундузги, кечки, сиртқи, махсус сиртқи бўлимда ва иккинчи олий маълумот олиш учун қарийб 11 минг нафар талаба таҳсил олмоқда.

Фикри тиниқ инсон учун шу маълумотнинг ўзи етарли, деб ўйлайман.

Тушунмаганлар учун маълум қилмоқчиманки, ўтган йиллар давомида  тўлов-шартнома асосида талабани бир йиллик ўқитиш қиймати ҳужжат қабул қилинаётган пайидаёқ тасдиқланиб, абитуриентлар, талабалар диққатига етказилар эди.

Бу йил тўлов миқдорларида талабалар учун, ота-оналар учун қатор қулайликлар яратган ўзгаришлар туфайли (улар ҳақида ҳамюртларимиз оммавий ахборот воситалари орқали тўлиқ маълумот олиш имконига эга бўлдилар, зарурат бўлса, бу ҳақида алоҳида бошқа бир хабарда тўхталамиз) жараён бир оз кечиккани ҳаммага маълум.  Имоним комилки, бу каби ўзгаришлар учун фуқароларимиз яна маълум муддат кутишга ҳам рози бўлишарди.

Энди аниқ университетдаги навбатлар хусусида.

Ҳозирда университетга қабул қилинган биринчи курс талабаларини сарсон қилмаслик учун Яшнобод, Яккасарой туманларида жойлашган биноларда таълим оладиган талабалар учун шартномалар жойларда тарқатилиши ташкил қилинди.

Тўлов-шартнома миқдорлари маълум. Катта курсларда таълим оладиган талабаларда тўлов-шартномаларни расмийлаштириш бўлимига мурожаат қилиб ўтирмасдан, тўғридан тўғри банк муассасасига бориб, тўловни амалга ошириш имкони мавжуд. Бунинг учун улар ўзи билан 1-курсда расмийлаштирилган шартнома рақамини билиши, тўлов варақасига уни киритиши кифоя. 

Бу ўз-ўзидан навбатнинг йўқолишига бўлмаса, лоақал камайишига олиб келган бўларди.

Талабалар тўлов-шартномаларни расмийлаштириш бўлимига, табиийки, дарслардан ташқари вақтда мурожаат қилади. Ҳамма талаба дарсдан бир вақтда чиқади. Айни шу пайтда навбат кўпайганини кўриб, “ҳеч нарса ўзгармас экан-да” деган хулосага келган блогернинг яна саволлари бўлса, университет жамоаси барча саволларга жавоб беришга тайёр!

Шу университетда қарийб 35 йил умрим ўтди. Нимагаки эришган бўлсам, шу университет туфайли эришдим. Университетда менга дарс берган устозлар ҳам ишлашади... Ҳалқимиз “бир кун туз ичган жойга қирқ йил таъзим” қилади.

Блогерларимиздан, бошқалардан ҳам сўраган бўлардим. Университет ҳақида турли, алоҳида таъкидламоқчиман, текширилмаган ахборотларни тарқатмоқчи бўлганлар мен каби ўзини шу университетнинг бир қисми деб биладиган, Президентимиз яқиндагина жамиятимизда энг улуғ инсонлар деб эълон қилган – устозларнинг ҳис-туйғулари билан ўйнамасин!

Алишер Миразизов, Низомий номидаги ТДПУ катта ўқитувчиси

 

 

Алишер Миразизов, Низомий номидаги ТДПУ катта ўқитувчиси

 

Киритилди: 15:24 12.09.2019. Ўқилди: 2045 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!