Глюкагонсимон пептид-1 (GLP-1) асосидаги «Оземпик» ва Wegovy каби дори воситалари АҚШдаги умумий овқатланиш шохобчалари учун қийинчиликлар келтириб чиқарди, деб ёзмоқда The New York Times газетаси. Бу ресторанларни – йирик фаст-фуд тармоқларини ҳам, юқори тоифадаги емакхоналарни ҳам – шундай мижозларга мослашиш учун ўз менюларини ўзгартиришга қилмоқда. «Медуза» ушбу мақоланинг асосий қисмларини келтирди.
Маълум бўлишича, GLP-1 асосидаги препаратларни АҚШ катта ёшли аҳолисининг 11 фоизи, яъни тахминан 30 миллион киши қабул қилади. Бундай одамлар сони вақт ўтгани сайин ортиб бориши кутилмоқда.
Бундай дориларни қабул қилувчи кишилар ресторанларга камроқ бормоқда, борганда ҳам камроқ пул сарфламоқда ва ўзига келтирилган таомни охиригача емаяпти.
GLP-1 фаоллаштирувчилари ва шу каби бошқа дориларни қабул қилувчи одамлар кўпроқ оқсил истеъмол қилишни хоҳлашидан келиб чиқиб, ресторанлар таомлардаги оқсил миқдорини ошириши ва порция ҳажмини камайтириши мумкин. Аммо товуқ ёки мол гўштининг қўшимча граммлари таом нархини 5-7 долларга қимматлаштиради.
Оқсил миқдорини оширишнинг яна бир усули – ясмиқ, тухум ва творог каби арзонроқ масаллиқлардан фойдаланишдир, деб ҳисоблайди ресторанларга таомномани ишлаб чиқишда ёрдам берувчи Sysco компанияси вакили Нил Доэрти.
Чикагодаги Foodservice Results консалтинг фирмаси раҳбари Даррен Тристанонинг фикрича, порциялар ҳажми икки баравар камайтирилса ҳам, улар 50 фоизга арзон бўлмайди – ресторанлар нархни 75 фоиз даражасида белгилайди, чунки нарх маҳсулотлар нархидан ташқари ходимларнинг иш ҳақи ва ижара харажатларини ҳам ўз ичига олади.
Тез тайёр бўлувчи емакхоналардаги юқори калорияли егуликлар – бургерлар ва қовурилган таомларга оздирувчи препаратларни қабул қилувчи хўрандалар орасида талаб кескин камайган, дея маълум қилди William Blair инвестиция банки таҳлилчилари.
Burger King раҳбари «Оземпик», Wegovy ва уларнинг муқобил вариантларини бизнес учун хавф омили деб атайди. McDonaldʼs тармоғидагилар 2026 йилда мижозлар сони камайган бўлса-да, бунинг таъсири сезилмаётганини айтишган.