Россия президенти Владимир Путин Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировга армия генерали ҳарбий унвонини бериш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда “Чечня Сегодня” агентлиги хабар берди. Қодиров бунгача генерал-полковник ҳарбий унвонига эга эди.
”Россия Федерацияси Қаҳрамони, генерал-полковник Рамзан Қодиров Ахматовичга навбатдаги олий офицер ҳарбий унвони – армия генерали берилсин”, дейилади Путин фармонида.
Шунингдек, Чеченистон раҳбарига қизил берет ҳам топширилган. Грозний шаҳрида ўтказилган тақдирлаш маросимида погонлар ва бош кийимни Россия Миллий гвардияси қўшинлари бош қўмондони Виктор Золотов тақдим этган.
“Бундан уч кун олдин идоравий махсус кучлар ташкил этилганининг навбатдаги йиллигини нишонладик, айнан шу бўлинмада қизил берет топшириш анъанаси шаклланган. Ҳуқуқ-тартибот қўшинларининг ушбу энг муҳим рамзини армия генерали Қодировга топшириш тўғрисида қарор қабул қилинди”, деган Золотов.
Армия генерали – Россияда ҳарбий унвонлар бўйича расман юқоридан иккинчи ўринда туради. Бироқ амалда у энг юқори ҳарбий унвон ҳисобланади, чунки Россия маршали унвони 1997 йилдан бери ҳеч кимга берилмаган. Қизил берет – махсус кучлар ҳарбий хизматчилари учун алоҳида мақомни англатувчи бош кийим. У фақат бир қатор ўта мураккаб синовлардан муваффақиятли ўтган ҳарбийларга берилади.