Шу йилнинг август ойида Тайваннинг Тинч океани соҳилида Хитойнинг қирғоқни қўриқлашга кўмаклашувчи ҳарбий-денгиз флоти қайиғи яна иккита кема билан бирга кўзга ташлангани маълум бўлди. Apex Aviation кузатув ҳисоботи билан танишган Reuters нашрига кўра, ушбу ҳудудда бундай турдаги кема биринчи марта учрамоқда.
Ҳисоботда "Minfudingyu 07902" балиқ овлаш қайиғи сифатида қайд этилган. Бундан ташқари, у Хитой ҳарбийлаштирилган кемаси вазифасини ҳам бажаради. Ушбу кема август ойи ўрталарида Хитой қирғоқни қўриқлаш катерлари ва илмий-тадқиқот кемаси билан биргаликда ҳаракатланаётганида кўзга ташланган.
Reuters'нинг ёзишича, Тайванни ўз ҳудуди деб ҳисоблайдиган Хитой июн ойидан бери мунтазам патруль хизмати билан оролнинг шарқий қирғоғида фаолликни оширмоқда. Тайван Пекиннинг суверенитет даъволарини рад этди. Тайван расмийларининг айтишича, Хитой ўзининг ҳарбий, ҳарбийлаштирилган ва фуқаролик воситаларидан фойдаланиб, эҳтимолий денгиз қамалига тайёргарлик кўрмоқда. Тайван эса қамал ёки зиддият юзага келганда айнан шарқий қирғоқдаги ҳудудни иттифоқчиларнинг таъминот йўллари учун ўта муҳим деб ҳисоблайди.
"Хитой “ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва илмий тадқиқотлар”ни ниқоб сифатида ишлатиб, зиддиятсиз сценарий пайтида – де-факто юрисдикция иллюзиясини яратиш учун ўз ҳаракатлари қамровини кенгайтирмоқда. Бундай ҳаракатлар халқаро тартибга путур этказиши ва Тайваннинг денгиз ҳуқуқларига хавф туғдиради", дея муносабат билдирди Тайван Мудофаа вазирлиги.