Шимолий Корея Россиянинг Украинага қарши урушидан 13 миллиард долларгача даромад кўрди — Nikkei Asia.
"Пхеняннинг қурол-яроғ етказиб бериш ва ўз аскарларини Россияга юбориш эвазига олган валюта тушумлари ҳамда энергия ресурслари қиймати уч йил ичида тахминан 13 миллиард долларни ташкил этди. Бу кўрсаткич КХДРнинг деярли бир йиллик ялпи ички маҳсулоти ҳажмига (ЯИМ) тенг", деб ёзмоқда нашр.
Nikkei Asia'нинг қайд этишича, Шимолий Корея томонидан қурол етказиб бериш ҳолатлари Россия Украинага кенг кўламли босқин бошлаган 2022 йилдаёқ маълум бўлган. 2024 йилда икки давлат ўртасида ҳар томонлама стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома имзолангач, ҳамкорлик кўлами КХДР ҳарбийларини Россияга юбориш ҳисобига янада кенгайди.
Жанубий Корея Миллий разведка хизмати ҳузуридаги тадқиқот институти ҳисоб-китобларига кўра, КХДР 2022—2025 йиллар давомида Москвага 7 миллиарддан 13,8 миллиард долларгача бўлган миқдорда қурол-яроғ, жумладан, артиллерия, снарядлар ва 250 га яқин КN-23 қисқа масофали баллистик ракеталарини етказиб берган бўлиши мумкин. Ушбу ракеталарни ишлаб чиқишда россиялик олимлар иштирок этгани эҳтимоли бор.
Бундан ташқари, Москва шимолий кореялик ҳарбийларнинг Украинадаги урушда, хусусан, 2024 йил августида Украина қўшинлари кирган Курск вилоятидаги жангларда иштирок этиши учун Пхенянга 600 миллион доллардан ортиқ маблағ тўлаган.
Nikkei Asia'нинг ёзишича, Пхенян Москвадан қурол-яроғ яратиш ва ишлаб чиқариш соҳасида ёрдам, шунингдек, энг зарур маҳсулотларни ҳам олган бўлиши мумкин.
BBC ҳисоб-китобларига кўра, Украина-Россия урушида КХДРнинг камида 2,3 минг ҳарбийси ҳалок бўлган.