Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга ва кўп миллатли халқимизга Мурожаатномасида мамлакатимиз тараққиёти билан бевосита боғлиқ бўлган барча масалалар ўз ифодасини топди. Хусусан, касбларни ривожлантириш ва янги меҳнат бозори архитектурасини яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги режалар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилгани ҳам бежиз эмас.
“Ҳозирги вақтда янги технологиялар, рақамлаштириш ва сунъий интеллект таъсирида дунёда иш ўринларининг сони, шакли ва мазмуни кескин ўзгармоқда, — деди Президентимиз. — Яқин беш йилда мавжуд касбларнинг 30 фоизи тўлиқ автоматлаштирилади, 50 фоизи бўйича эса янги малакалар талаб қилинади. Бу жараёнлар бизни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Саноатда —автоматлашган линиялар, аграр соҳада — “ақлли”технологиялар, транспортда — интеллектуал бошқарув кундалик ҳодисага айланиб бўлди.Эндиликда, мамлакатимиз меҳнат бозори мутлақо янги архитектура асосида — касб, малака, технология ва таълимни бирлаштирадиган ягона механизм сифатида ишлаши зарур”.
Мурожаатномада айтиб ўтилганидек, мутахассисларнинг фикрича болада бирор-бир касбга қизиқиш 7-синфдан бошланиб, қайси касбни пухта эгаллай олиши 9-синфда тўлиқ маълум бўлади. Шу боис, 9-синф битирувчиларини фанларни ўзлаштириши ва касбий қизиқишига қараб саралаб олиш тизими жорий қилинадиган бўлди. Бунда, олийгоҳларга кириш истагида бўлмаган ёшлар техникумларга йўналтирилади.
“Менинг ниятим — ёшларимиз талаб юқори бўлган касблар бўйича дунёда рақобатдош бўлсин, керак бўлса, бошқалардан бир поғона устун турсин. Ушбу мақсадга эришиш йўлида касбий таълимнинг энг муҳим бўғини бўлган техникумларни янги сифат босқичига олиб чиқамиз. Бунинг учун, 2026 йилдан бошлаб, ҳар йили камида 100 тадан техникумни тўлиқ таъмирлаб, технологик ва талаб юқори бўлган касбларга мос ҳолда жиҳозлаб борамиз”, — деди мамлакатимиз раҳбари.
Бугунги кунда мамлакатимизда Германия, Швейцария, Буюк Британия, Хитой, Корея каби давлатларнинг илғор таълим дастурлари асосида фаолият юритадиган техникумлар сони 47 та бўлиб, эндиликда уларнинг сони 100 тага етказилади.
“Бугун сизларга яна бир янгиликни етказмоқчиман: 2026 йилда 7 та вилоятда, 2027 йилда эса қолган ҳудудларда Илғор касбий маҳорат техникуми ва “Касблар шаҳарчаси” фаолияти йўлга қўйилади”, — деди Президентимиз ўз Мурожаатномасида.
Бунда Илғор касбий маҳорат техникумлари ҳудуддаги бошқа техникумлар учун методик ва амалиёт базаси сифатида фаолият юритса, “Касблар шаҳарчаси” мактаб ўқувчиларини қурилиш, сервис, қишлоқ хўжалиги, саноат, транспорт, “яшил” энергетика каби соҳалардаги замонавий касбларга йўналтиришга хизмат қилади.
Бу тизим мамлакатимизда уч йил олдин йўлга қўйилган бўлиб, айни пайтда ўқувчилар қамрови 15 фоизга етказилди. Бугун автомобилсозлик, “яшил” энергетика, қурилиш, транспорт, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, туризм, сервис, IT каби йўналишларда 70 мингга яқин ўқувчи “дуал таълим” асосида ўқиб, ойига 10 миллион сўмгача маош олмоқда.
Техникум ва иш берувчилар ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш белгиланди. Хусусан, “дуал таълим” асосида ўқитишни самарали ташкил қилган корхоналарга 7 йил муддатга 5 миллиард сўмгача имтиёзли кредит ажратилади, уларга тадбиркорлик рейтингида қўшимча 5 балл берилади, корхоналар ишга олган техникум ўқувчиси учун 1 фоизли ижтимоий солиқ имтиёзи яна уч йилга узайтирилади.
2026 йилдан бошлаб техникумларда “дуал таълим” асосида таълим олаётган 100 минг ўқувчига илк бор стипендия тўланади. “Аъло” баҳоларга ўқиётган, танлаган касбини пухта эгаллаётган фарзандларимизга эса оширилган миқдордаги стипендиялар берилади.
Президентимиз, шунингдек, яқинда бўлиб ўтган Японияга ташриф чоғида Ўзбекистонда “Цукуба” миллий университети билан ҳамкорликда аниқ фанлар бўйича янги олийгоҳ ташкил қилиш ҳақида келишиб олинганини, биз бу тажрибани давом эттириб, аниқ фанлар ва техника йўналишидаги олийгоҳларимизга дунёнинг энг нуфузли университетларини жалб қилишимизни таъкидлади.
Меҳнат бозорига йилига 300 минг олий маълумотли кадрлар кириб келаётгани, шу сабабли энди олийгоҳ битирувчилари ва иш берувчилар ўртасида “кўприк” бўлиб хизмат қиладиган рақамли экотизим яратилиши айтилди. Унда талабаларнинг академик кўрсаткичлари ва корхоналардаги бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотлар “онлайн” тарзда кўриниб туради.Ушбу экотизим битирувчи курс талабалари учун ўзига мос иш топиш, корхоналарга эса малакали кадрларни жалб қилиш имконини беради.
Шунингдек, тиббиёт тизимида касбий таълимни ривожлантириш мақсадида Англиянинг “Пирсон” компанияси билан ҳар бир ҳудуддаги биттадан техникумда халқаро стандарт асосида ҳамширалар тайёрлаш бошланди. Энди ана шу техникумларга ҳам Германия, Швейцария, АҚШ, Япония каби давлатларнинг таълим дастурлари жорий этилади. Шу асосда халқаро талабларга жавоб берадиган, хорижий тилларни биладиган ҳамширалар таркиби шакллантирилади.
Амалга оширилаётган бу ишлар ва Президентимиз Мурожаатномасида айтиб ўтилган режалар мамлакатимизда касбга тайёрлаш тизимини такомиллаштириш орқали ёшлар бандлигини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қратилаётганидан далолат беради. Бу эса аҳоли даромадларини ошириш ва мамлакатимиз тараққиётини таъминлашнинг муҳим омилидир.