Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева 26 сентябр куни мамлакатда расмий ташриф билан бўлиб турган Қирғиз Республикаси Жогорку Кенеши Торағаси Нурланбек Шакиев бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар қилди.
Музокаралар чоғида парламентлар ҳамкорлигини яна-да кучайтириш бўйича 2024-йилга мўлжалланган “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ва имзолаш, чегараолди вилоятларнинг маҳаллий Кенгаш депутатлари ўртасида ҳамкорликни фаоллаштириш, парламент дипломатиясини ривожлантиришга қаратилган қўшма тадбирларни ўтказиш юзасидан фикр алмашилган.
Шунингдек, сиёсий мулоқот ва маданий-гуманитар алмашинувни ҳамда савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган.
Мамлакатлар ўртасида савдо ҳажмини $ 2 млрд.га етказиш учун етарли салоҳият ва барча имкониятлар мавжудлиги алоҳида қайд этилган.
Суҳбат давомида икки давлат транспорт-логистика имкониятларини кенгайтирадиган лойиҳаларни амалга оширишда саъйи-ҳаракатларни бирлаштириш, Тошкент ва Бишкек шаҳарларида савдо уйларини очиш каби амалий жиҳатлар муҳокама қилинган.