Бугун 24 апрель, 2024 йил, чоршанба

O'ZB

Танишининг тиллаларини ўғирлаб, сотиб юборган аёлга жазо тайинланди                               

Танишининг тиллаларини ўғирлаб, сотиб юборган аёлга жазо тайинланди                               

Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар суди, ўз биносида очиқ суд мажлисида, судья А. Жабборовнинг раислигида судланувчи Бахтиёрова Дилсўз Улуғбек қизи (исми ўзгартирилган)га ҳукм ўқилди. У қасддан жиноят содир этиш йўлига ўтиб, уй-жойга ғайриқонуний равишда кириб, ўзганинг анча миқдордаги мол-мулкини яширин равишда талон-тарож қилиб, ўғирлик жиноятини содир қилган.

Жумладан, Бухоро шаҳар А.Жомий кўчасидаги Ашурова Мадинанинг уйига ғайриқонуний равишда кириб, ётоқхонанинг жавонидаги жами 34.500.000 сўмлик тилла буюмларни ўғирлаб, воқеа жойидан яширинган.

Бахтиёрова Дилсўз Улуғбек қизи ўзининг қасддан содир қилган жиноий ҳаракатлари билан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 2-қисми “б,г” бандларида кўрсатилган жиноятни содир қилган.

Судланувчи Д. Бахтиёрова суд мажлисида айбига тўлиқ иқрорлик билдириб, у Қодиров Рустам (исми ўзгартирилган) билан шарий никоҳдан ўтиб, у билан 2012 йилдан 2018 йилнинг 04 ноябрь кунига қадар бирга яшаб келганлиги, жабрланувчи Ашурова Мадина (Ф.И.Ш ўзгартирилган) турмуш ўртоғининг қизи эканлиги, Қодиров Рустамнинг кўзи ожиз бўлганлиги, ўзи бўш вақтларида пишириқлар сотиши, шунингдек, Ашурова Мадинанинг уйига гоҳ-гоҳида бориши ва уй юмушларида ёрдам беришини таъкидлаган.

Бир куни М. Ашурованинг соғлиги ёмонлашганлиги сабабли, ўзи ва Қодиров Рустам Мадинанинг ҳолидан хабар  олиш учун боришган. М. Ашурова унга дори олиб беришини сўраганида, ўзи уйнинг меҳмонхонасига кириб, эшиклари очиқ қолган жавонига кўзи тушган, жавоннинг ўрта эшиклари очиқ бўлиб, тепадаги полкасида оқ рангли целлофан ичида тилла тақинчоқлар борлигини кўриб қолган. Мадина жавонда дори йўқлигини, дориларнинг барчаси ошхонада эканини айтганидан сўнг, у айтган дорисини ошхонадан олиб берган.

М.Ашурованинг аҳволи яхши бўлгандан сўнг, Д.Бахтиёрова иш кунларидан бирида М.Ашурованинг уйида ҳеч ким бўлмаслиги ва вояга етмаган фарзанди боғчада бўлишини била туриб уйига борган, уйи биринчи қаватда жойлашган ва унга иккита кириш эшиги мавжуд бўлиб, бири подьезд, иккинчиси эса орқа томондан бўлган. Д.Бахтиёрова орқа эшик томон борганида эшик ярим очиқ ҳолда бўлганлиги кўрган. М.Ашурованинг оёқ кийими бири ташқарида, иккинчиси ичкарида бўлганлиги сабаб М.Ашуровани уйда деб ўйлаган. Д.Бахтиёрова уйдан М.Ашуровани чақирганида ҳеч ким жавоб бермаганидан сўнг, уйда ҳақиқатан ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилган. Бундан фойдаланиб, меҳмонхонада жойлашган жавондан Мадинанинг тилла буюмлари солинган оқ рангли целлофанни олиб, оқ рўмолчага ўраб, ўзининг эгнидаги кийимининг чўнтагига солиб, уйига қайтиб келган.

Орадан бир неча кун ўтгандан сўнг Д.Бахтиёрова “Карвон бозори”нинг кириш жойидаги тилла буюмлар сотиладиган жойга олиб бориб, ушбу тилла буюмларни сотиш нияти борлигини айтган. Бозорнинг дарвозаси олдида турган, унга нотаниш бўлган бир аёл киши келиб, ўзини Гулмира деб таништирган ва тилла буюмлар олди-сотдиси билан шуғулланиб келишини айтган. Сўнг унга берган тилла буюмларни кўздан кечириб, жами тилла буюмларнинг нархини ўзаро 8.000.000 сўмга келишган бўлса-да, аёл унга фақат 5.000.000 сўм беришини айтган. Д.Бахтиёрова рози бўлиб, 1 жуфт қиз болалар тилла сирғасини ва бир дона аёллар тилла никоҳ узугини сақлаб қолиб, қолганларини ушбу Гулмира исмли тиллафурушга сотиб юборган.

Шундан сўнг Д.Бахтиёрова А.Мадинанинг безовта бўлиб юрганлиги, Қодиров Рустам билан тилла ҳақидаги гапларни эшитганда ундан хабари йўқлигини билдирган. М.Ашурова ИИБга ариза орқали мурожаат этгандан сўнг Д.Бахтиёрова Мунира ва София исмли фуқароларнинг уйига яшаган.  ИИБ ходимлари унинг олдига келганида, ўзи уларга бўлиб ўтган воқеаларни батафсил айтиб бериб, ўз ихтиёри билан ўзида қолган М.Ашуровага тегишли бўлган тилла буюмларни қайтариб, қолган тиллаларни кимга сотганлигини айтиб берган. Шу воқеаларни батафсил гапириб берган аёл ИИБ ходимлари мазкур тилла буюмларни холислар иштирокида олиб, ҳужжатларни тегишли тартибда расмийлаштиргани, айбини тўлиқ тушуниб етгани, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, жабрланувчидан кечирим сўраб, етказилган моддий зарарларни қоплаб берганлигини, жабрланувчининг унга нисбатан даъвоси йўқлигини, аёллигини инобатга олиб, қонуний енгиллик беришни сўраб кўрсатма берди.

Жабрланувчи Ашурова Мадина Фарҳод қизи интернет тармоғида видеоконференция алоқа тизими орқали суд мажлисида, судланувчи Д.Бахтиёрова содир қилган ўғрилик оқибатида жами 34.500.000 сўмлик моддий зарар етказилганлиги, ҳозирги вақтда судланувчи Д.Бахтиёрова унга етказилган 34.500.000 сўмлик моддий зарарни тўлиқ қоплагани, шу сабабли Д.Бахтиёровага нисбатан моддий ва маънавий зарарлар юзасидан бирор-бир даъвоси йўқлиги ва озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган бошқа турдаги енгилроқ жазо тайинлашни сўраб кўрсатма берди.

  Гувоҳ Б.Турсунов суд мажлисида, судланувчи Д.Бахтиёрова унинг ўгай онаси эканлигини, 2012 йилдан буён шу кунга қадар улар билан бирга отаси билан фақат шаръий никоҳдан ўтиб, Бахтиёрова Дилсўз Улуғбек қизи билан яшаганлигини, отасининг кўзлари ожиз бўлганлиги сабабли, Дилсўз отаси билан бирга яшаб, у кишига қарашиб турганини айтди. Судланувчи Д.Бахтиёрованинг ҳаракатида айбини оғирлаштирувчи ҳолатлар мавжуд эмас деб ҳисоблайди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2006 йил
3 февралдаги 1-сонли «Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида»ги қарорининг 37-банди 3-хатбошисида «Жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини жиддий камайтирувчи алоҳида ҳолатлар рўйхати кўрсатилмаганлигини назарда тутиб, суд қабул қилган қарорини ҳукмда асослантирган ҳолда жазони енгиллаштирувчи айрим ҳолатни ҳам уларнинг мажмуини ҳам бундай ҳолат сифатида тан олиши мумкин» деб кўрсатилган.

Суд шу сабабли, судланувчи Д.Бахтиёрованинг ўз айбига иқрорлиги, оилавий аҳволи, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, ижтимоий аҳволини, аёллиги, жабрланувчига етказилган моддий зарар қайтарилганлиги, жабрланувчининг даъвоси йўқлиги жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб топди.

  Суд Бахтиёрова Дилсўз Улуғбек қизига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 169-моддаси 2-қисмининг «б,г» бандида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топди ва унга шу модда билан ҳар ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолиш шарти билан 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

 

   А.Жабборов, Жиноят ишлари бўйича

Бухоро шаҳар суди судьяси

 

Киритилди: 16:31 30.05.2019. Ўқилди: 1812 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!