Таълим ва илм-фан вазирлигининг марказий аппаратига 2027 йил 1 февралгача ходимларни тўғридан-тўғри суҳбат асосида ишга қабул қилишга рухсат берилди.
Президентнинг 19 октябрдаги ПҚ–380-сон қарорига кўра, вазирликда аутсорсинг асосида аҳоли мурожаатлари, шикоятлари ва таклифларини қабул қилувчи колл-марказ ташкил этилади. Таълим хизматлари сифати ва мавжуд муаммолар ҳақида тезкор ахборот олиш учун қайта алоқа тизими ҳам йўлга қўйилади.
Вазир ҳузурида таълим олувчилар, талабалар, ота-оналар, педагоглар ва иш берувчилар вакилларидан иборат Таълим бўйича жамоатчилик кенгаши тузилади.
Шунингдек, вазирлик ҳузурида Инсон капиталини ривожлантириш жамғармаси, Таълим ва илм-фан бўйича стратегик тадқиқотлар ва баҳолаш маркази ҳамда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги ташкил этилади. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика таълим маркази фаолияти тугатилади.
Президент Администрацияси ҳузурида инсон капиталини ривожлантириш ва узлуксиз таълим стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича махсус ишчи гуруҳ тузилади. Вазирлик ҳайъати эса 15 нафар аъзодан иборат бўлади.