Таиланд Молия вазирлиги мамлакат ҳудудидан самолётда чиқиб кетувчи фуқаролар, шу жумладан хорижликлар учун ҳам солиқ жорий этиш масаласини кўриб чиқмоқда.
Қонун лойиҳасига кўра, янги солиқ дастлаб 1000 бат (тахминан 30 АҚШ доллари) миқдорида белгиланади. Кейинчалик солиқ миқдори 5000 батгача (тахминан 150 АҚШ доллари) оширилиши мумкин. Қуруқлик ёки денгиз орқали чиқиб кетувчилар дастлабки босқичда солиққа тортилмайди.
Таиланд қироллик оиласи аъзолари ва уларнинг ҳамроҳлари, мамлакат буддистлар сангхасининг олий патриархи, хорижий давлатлар раҳбарлари, расмий ҳукумат меҳмонлари ҳамда 2 ёшга тўлмаган болалар солиқдан озод қилинади. Шунингдек, махсус транзит ҳудудидан чиқмайдиган халқаро транзит рейслари йўловчилари, самолёт экипажи аъзолари ва бошқа транспорт ходимларидан ҳам Таиланддан чиқиш солиғи ундирилмайди.
Солиқ жисмоний шахслардан улар Таиланддан чиқиб кетишидан олдин ундирилиши кўзда тутиляпти. The Nation маълумотига кўра, одатда бу тўлов авиачипта харид қилинаётганда авиакомпания ёки чипта сотувчи агент томонидан ундирилиши мумкин. Солиқни тўламаганлик учун унинг миқдоридан икки баравар кўп жарима белгиланиши режалаштирилган.
Аввалроқ Таиланд ҳукумати дунёнинг 93 мамлакати, жумладан, Ўзбекистон фуқаролари учун ҳам амалда бўлган 60 кунлик визасиз режимни бекор қилган эди.