Президентнинг “Таълим масканларида бизнесга ўқитиш ва молиявий саводхонликни оширишни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Белгиланишича, умумтаълим муассасаларида тадбиркорлик ва молиявий саводхонлик дарсларини ўтишда етарли билим ва тажрибага эга бўлган тадбиркорлар таклиф этилади. Белгиланган дарслар ўқувчиларда умумий билим ва кўникмаларни шакллантириш, тадбиркорлик жараёнларини ўрганиш ҳамда амалий муаммоли вазиятлар (кейслар)ни таҳлил қилишга қаратилади.
Халқ таълими вазирлиги уч ой муддатда тадбиркорлик ва молиявий саводхонлик кўникмаларини шакллантиришга қаратилган дарслар учун дастурини ишлаб чиқилишини таъминлайди. 2022 йил 1 майдан бошлаб “Узлуксиз касбий таълим” махсус электрон платформасида тадбиркорлик ва молиявий саводхонлик дарсларини ўтадиган ўқитувчилар учун махсус ўқув курси ташкил этади.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан биргаликда 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига давлат буюртмаси қабул параметрларини ишлаб чиқишда умумий ўрта таълим тизими учун “Молиявий саводхонлик ва тадбиркорлик” ўқув дарслари учун зарур педагог кадрларни тайёрлаш бўйича квоталарини назарда тутади.