Исроил Ғазо сув таъминотининг 70 фоизини узиб қўйди.
Исроил армияси Исроилнинг Мекорот компаниясидан Ғазо секторига келадиган сув оқимини тўхтатиб, Фаластин ҳудудининг умумий сув таъминотининг 70 фоизини узиб қўйди.
Ғазо шаҳар ҳокимлиги матбуот котиби Ҳусни Меҳаннанинг айтишича, сув узилиши Ғазо шаҳри шарқидаги Шужаеа маҳалласида жойлашган асосий қувурга таъсир қилган. Бу ҳудудда Исроил ҳарбий кучлари пайшанба кунидан бери ҳарбий ҳаракатлар олиб бормоқда.
"Сув узилишининг сабаблари ҳали номаълум, лекин биз халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда қувурга Исроилнинг кучли бомбардимони туфайли зарар етган-етмаганини текширмоқдамиз," деди Меҳанна.
Унинг сўзларига кўра, сув тўхташи тўғридан-тўғри ҳарбий ҳаракатлар ёки Исроил ҳокимиятининг атайлаб қабул қилган сиёсий қарори туфайли юз берган бўлиши мумкин.
"Сабаби қандай бўлишидан қатъи назар, оқибатлари оғир. Агар яқин орада Мекоротдан сув оқими тикланмаса, Ғазо жиддий сув танқислигига дуч келади."
Шундоқ ҳам инфратузилма қулаши, ифлосланган ер ости сувлари ва тоза сувнинг сурункали танқислигидан азият чекаётган Ғазо сектори ҳозирда кенг кўламли ташналик, сувсизлик ва касаллик тарқалиши хавфига дуч келмоқда.