АҚШ президенти Доналд Трамп жорий этган божхона тўловлари сабабли Хитой давлат жамғармалари Қўшма Штатларда жойлашган хусусий компанияларга сармоя киритишни камайтираётгани ҳақида Financial Times нашри ишончли манбаларга асосланиб хабар бермоқда.
Нашр маълумотларига кўра, сўнгги йилларда Пекин Ғарб компанияларига юзлаб миллиард доллар миқдорида сармоя киритган. Хитой давлат сармоядорлари томонидан қўллаб-қувватланган Америка фирмалари қаторига Global Infrastructure Partners (ўтган йили BlackRock томонидан сотиб олинган), Thoma Bravo, Vista Equity Partners, Carlyle ва Blackstone каби компаниялар киради.
Бироқ, Трамп бошлаган савдо уруши Хитой жамғармаларини ўз инвестиция стратегияларини қайта кўриб чиқишга мажбур қилди. Манбаларнинг таъкидлашича, улар Америка компанияларига янги сармоялар киритишдан ўзларини тийишга қарор қилишган.
FT суҳбатдошларининг маълумотига кўра, Америка активларига сармояларни қисқартираётганлардан бири дунёдаги энг йирик суверен фондлардан бири ҳисобланган Хитой Инвестиция Корпорацияси (CIC) бўлди. Global SWF маслаҳат компаниясининг баҳолашига кўра, 2023 йилда CIC муқобил активларга 1,35 триллион доллар йўналтирган.