Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин Россия армиясининг тинч украиналикларга ўқ отишини шарҳлаб, "фуқаролик иншоотларига зарбалар, агар улар Киев ҳарбийлари томонидан Суми ва Одессадаги каби фойдаланилса, берилмоқда" деди. У Сумидаги конгресс марказига берилган зарбани "у ерда Украина Қуролли Кучлари ҳарбийларини тақдирлашаётгани" билан изоҳлади.
"Фуқаролик инфратузилмаси объектларига зарба бермаслик таклифига келсак, буни аниқлаштириш керак. Масалан, қуролли кучларимизнинг конгресс марказига, чамаси Суми давлат университетига, берган зарбаси ҳаммага маълум. Бу фуқаролик объектими ёки йўқми? Фуқаролик.
Бироқ у ерда Курск вилоятида жиноят содир этганлар, Украина Қуролли Кучлари бўлинмалари ва миллатчиларни тақдирлаш маросими ўтказилди. Булар биз жиноятчи деб ҳисоблайдиган, чегарадош ҳудудда, жумладан Курскда қилган қилмишлари учун муносиб жазосини олиши керак бўлган кишилардир. Улар ана шу қасосни олдилар. Бу айнан уларни жазолаш учун қилинган," деди у.
2025 йил 13 апрель куни Россия қўшинлари Украинанинг Суми шаҳри марказига ракета зарбасини амалга оширди. Украина Фавқулодда вазиятлар давлат хизматининг маълумотларига кўра, ҳужум оқибатида 34 киши, жумладан икки нафар бола ҳалок бўлди. Бундан ташқари, 119 киши жароҳат олди, уларнинг 15 нафари болалар эди.