Қумқўрғон туманида фаолият юритиб келаётган Йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётган юридик шахслар билан шартнома асосида белгиланган маълум ишлар бажарилган. Бироқ, унитар корхона томонидан бажарилган ишлар учун тадбиркор фойдасига шартномага мувофиқ тўловлар амалга оширилмаган.
Мажбурий ижро бюроси Қумқўрғон туман бўлими иш юритувидаги ижро ҳужжатларига кўра айни вақтда қарздор корхонанинг тадбиркорлар ва давлат олдидаги қарздорлиги 3 миллиард 627 миллион сўмдан ошган.
Давлат ижрочилари томонидан белгиланган қарздорликни ундириш мақсадида туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонасининг барча ҳисоб рақамларига банд солиниб, кўчмас мулк ҳамда махсус юк машиналарига нисбатан тақиқ қўйилди.
Мажбурий ижро ҳаракатлари давомида қарздор корхонага тегишли бўлган иккита “Howo” русумли юк машиналари хатловга олиниб, вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига олиб келинди.
Қарздор корхона томонидан ижро ҳужжатлари талаблари бажарилмаса, хатловга олинган мулк аукцион савдолари орқали реализация қилиниши ҳақида расман огоҳлантирилди.
Мажбурий ижро бюроси
Сурхондарё вилояти бошқармаси